Самарқандда толиблар иштирокида Афғонистонга қўшни давлатлар Ташқи ишлар вазирларининг учрашуви бўлиб ўтди

akipress.org сайти фотосурати

13 апрель куни Самарқандда Афғонистонга қўшни давлатлар Ташқи ишлар вазирларининг тўртинчи учрашуви бўлиб ўтди. Бундан ташқари, бу сафарги тадбирда расмий Кобул вакиллари — Ташқи ишлар вазири Амир Хон Муттаки ва «Толибон»* радикал ҳаракати тарафдорлари иштирок этишди.

Анъанага кўра, йиғилишда Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон, Покистон, Эрон, Хитой ва Россия Ташқи ишлар вазирликлари раҳбарлари иштирок этди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Бахтиёр Саидов ҳамкасблари билан суҳбатда Афғонистондаги вазият оғирлигича қолаётгани,

яқин йилларда афғон муаммоси глобал ва минтақавий хавфсизликнинг асосий омилларидан бири бўлиб қолишини таъкидлади.

Дипломат Афғонистон билан чегарадош давлатлар ушбу мамлакат тинч келажаги учун асос бўладиган инфратузилма лойиҳаларини илгари суришлари кераклигини таъкидлади.

«Биз, Афғонистоннинг яқин қўшнилари сифатида бошқалардан кўра мамлакатдаги вазиятнинг тезроқ барқарорлашувидан кўпроқ манфаатдормиз. Қолаверса, хоҳлаймизми-йўқми, бугун Афғонистон иқтисодиётини тиклаш ва афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатиш учун асосий масъулият елкамизга тушди»,деди Саидов.

Шунингдек, у жаҳон ҳамжамияти афғон ҳукуматидан ўз мажбуриятларини бажаришини кутишини, жумладан:

👉 инклюзив ҳукуматни яратиш;

👉 аёллар ва миллий озчиликлар ҳуқуқларига риоя қилиш;

👉 террористик гуруҳлар билан алоқаларни узишни.

Ўз навбатида Афғонистон Ташқи ишлар вазири Амирхон Муттаки йиғилганларни мамлакати ўз мажбуриятларини бажаришга тайёрлигига ишонтирди.

«Ҳеч қанақа ҳолатда Афғонистонни салбий тўқнашувлар ва ноқонуний рақобат майдонига айлантиришга йўл қўймаймиз»,деди дипломат.

Унинг сўзларига кўра, амалдаги ҳукумат ташкил этилганидан деярли икки йил ўтган бўлсада, «илдизлари Афғонистонга бориб тақаладиган хавфсизлик соҳасида ҳеч қандай жиддий ҳодиса содир бўлмаган».

Учрашув арафасида Хитой Ташқи ишлар вазирлиги томонидан Афғонистон масаласи бўйича ўз позициясини билдирилиб, Пекин ҳеч қачон Афғонистоннинг ички ишларига аралашмаслиги ва Кобул бошқа давлатлар, айниқса, қўшнилари билан дўстона муносабатларни сақлаб туришини билдирди. Хитой «Афғонистоннинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини, афғон халқининг мустақил танловини, унинг диний эътиқодлари ва этник урф-одатларини ҳурмат қилади», — дейилади вазирлик хабарида.

Самарқанд йиғилиши иштирокчилари Афғонистонга инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш, мамлакат иқтисодий юксалишига кўмаклашиш, шунингдек терроризм ва наркотик моддалар контрабандасига қарши курашиш бўйича чора-тадбирларни кучайтириш зарурлигини таъкидладилар.

Афғонистонга қўшни давлатлар вазирларининг биринчи учрашуви 2021 йил сентябрь ойида видеоконференция форматида, иккинчиси – ўша йилнинг октябрь ойида Эронда, учинчиси – 2022 йил март ойида Хитойда бўлиб ўтганди.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ