Шимолий Жакарта (Индонезия) Иммиграция департаменти тергов ҳибсхонасидан уч нафар ўзбекистонликнинг қочишга уриниши натижасида иммиграция хизмати ходими ва қочқинлардан бири ҳалок бўлди, деб хабар берди Jakarta Globe.
Март ойида Жакарта полицияси Сурияда фаолият юритувчи «Катиба Тавҳид вал-Жиҳод»* халқаро террорчилик ташкилотига алоқадорликда ва унинг ғояларини тарғиб қилишда гумон қилинаётган тўрт нафар Ўзбекистон фуқаросини қўлга олганди. Маълум қилинишича, уч нафари ташкилот аъзоси, тўртинчиси уларга пул ва сохта ҳужжатлар билан ёрдам берган.
Republika нашри ҳибсга олинганларнинг исмларини келтиради: Беҳзод Анорбек ўғли Байтоев, Олимжон Мухтор ўғли Маҳмудов, Муроджон Иброхимжон ўғли Раҳимов ва Бахромжон Қобилжонович Азизов.
«Улардан учтаси қочган, тўртинчиси қолган ёки қочиб кетишни истамаган, унинг бош ҳарфлари Б.К.А.», — деди матбуот анжуманида 88-чи террорчиликка қарши кураш гуруҳи вакили Асвин Сирегар.
Қочиш 10 апрель куни эрталаб соат 4:00 ларда, Иммиграция бошқармаси тергов изолятори ходимлари ва қўриқчилари муқаддас Рамазон ойида рўза тутувчилар учун саҳур тайёрлаётган вақтда содир бўлган. Ошхона пичоқлари билан қуролланган ўзбекистонликлар иммиграция хизмати ходимларидан бирини ўлдириб, яна уч кишини – марҳум ҳамкасби ва 88-отряднинг икки қўриқчисини оғир яралаган.
Қочқинларни ушлаш учун бир суткадан камроқ вақт кетган. Улардан бири турар-жой мажмуаси боғида ҳибсга олинган, иккинчиси Сантер дарёси яқинидаги қувурдан топилган.
«Учинчи гумонланувчи Сантерда ўлик ҳолда топилди. У дарёга сакраб, чўкиб кетди. Унинг жасади текшириш учун Крамат Жати касалхонасига олиб кетилди»,— деди Асвин Сирегар.
Сўроқ пайтида йигитлар Ўзбекистоннинг Жакартадаги консуллиги ходимлари тергов изоляторига борганидан кейин қочишга қарор қилганликларини тан олишган.
«Улар [қочоқлар] ўз ватанларида оғир жазога дучор бўлишларидан қўрқиб, депортация қилишни хоҳламаганлар», — деб тушунтирган Асвин Сирегар.
Омон қолган уч нафар гумонланувчи иммиграция хизмати ходимининг ўлдирилиши бўйича тергов бошлангани муносабати билан Жакарта полицияси ҳибсхонасига ўтказилган.
*РФ ва кўпгина давлатларда террорчи сифатидан тан олинган ва тақиқланган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).