Мутахассислар Қозоғистонда экологик вазияти энг ёмон саккизта шаҳарни аниқладилар

neftegaz.ru сайти фотосурати

Мутахассислар 2022 йили ўтказилган мониторинг натижаларига кўра, ҳаво ифлосланиши юқори бўлган Қозоғистоннинг саккизта шаҳрини аниқладилар. Улар орасида Остона, Олмаота, Қарағанда, Темиртау, Атирау, Ақтўбе, Балхаш ва Уст-Каменогорск бор, дея хабар беради «Власт» нашри республика Экология, геология ва табиий ресурслар вазирлиги вакили Айдар Абдуалиевга таяниб.

Расмийга кўра, Қозоғистондаги экологик вазиятнинг ёмонлашуви сабабларини уч тоифага бўлиш мумкин.

«Олмаота ва Остона шаҳарларида ҳаво ифлосланишнинг асосий фоизи иссиқлик манбалари – иссиқлик электр станциялари, қозонхоналар, транспорт воситалари ва хусусий сектор ҳиссасига тўғри келади. Уст-Каменогорск ва Темиртау шаҳарларида чиқиндиларнинг энг катта ҳажми саноат ҳиссасига тўғри келади. Ақтўбе ва Атирау шаҳарларида юқори ифлосланиш сабаби эскирган оқова сув тозалаш иншоотларидир», — дейди Абдуалиев.

Экология вазирлиги вакили шаҳарлардаги вазиятни батафсил баён қилди, шундан келиб чиқадики

Атмосферага зарарли чиқиндилар миқдори бўйича Темиртау етакчилик қилмоқда – ўтган йил давомида 231 минг тонна. Шу билан бирга, «АрcелорМиттал Темиртау» АЖга атмосферага чиқарилаётган чиқиндиларнинг 87 фоизи тўғри келади.

Экологик антирейтингдаги ўринлар қуйидагилардан иборат:

❌ Остона — 54 минг тонна. 89% иссиқлик электр станциялари ва қозонхоналар, 11% — ишлаб чиқариш объектлари;

❌ Уст-Каменогорск — 44 минг тонна. Атмосфера ифлосланишининг асосий улуши маҳаллий металлургия мажмуаси, титан-магний заводи ва иссиқлик электр станциясига тўғри келади;

❌ Қарағанда — 38 минг тонна. 87% — иссиқлик энергетикаси, 13% — саноат корхоналари;

❌ Олмаота — 37 минг тонна. Асосий «ифлослантирувчи» иссиқлик энергетикаси корхоналаридир;

❌ Атирау — 33 минг тонна. Бу эрда Атирау нефтни қайта ишлаш заводи, иссиқлик электр станциялари ва бошқа саноат корхоналари «ўз имкониятларини ишга солган»;

❌ Ақтўбе — 20 минг тонна. Асосан, ҳаво саноат корхоналари, жумладан, Ақтўбе ферроқотишма заводи томонидан заҳарланади.

Мулозим Балхаш шаҳри ҳақида аниқ маълумот бермади. Аммо унинг таъкидлашича, мамлакатда экологик муаммоларни ҳал қилиш бўйича «йўл харитаси» мавжуд ва ҳужжатда кўрсатилган чора-тадбирларнинг учдан бир қисми аллақачон бажарилган.

Умуман олганда, Абдуалиев таъкидлаганидек, вазирлик режаларини амалга ошириш саккизта шаҳарда ҳавонинг ифлосланиш индексини 2025-йилгача юқори даражадан ўртача даражага тушириш имконини беради.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ