АҚШ Молия вазирлиги «Охангаронцемент» заводи ва бир қанча Ўзбекистон фуқароларини санкциялар рўйхатига киритди

jcement.ru сайти фотосурати

АҚШ Молия вазирлиги ҳузуридаги Хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси (OFAC) Ўзбекистондаги «Охангаронцемент» заводига қарши санкциялар жорий этди ва америкаликлар учун ушбу корхона билан битимлар тузиш тақиқланди. Тегишли маълумотлар 12 апрель куни вазирлик сайтида эълон қилинган.

«Охангаронцемент» заводининг санкциялар рўйхатига киритилишига унинг асли ўзбек миллатига мансуб бўлган россиялик тадбиркор Алишер Усмонов билан алоқадорлиги сабаб бўлган. АҚШ Молия вазирлиги маълумотларига кўра, Akkermann Cement CA заводнинг назорат пакетига эгалик қилади, унинг асосчиси олигархга тегишли USM холдингига киритилган активлардан бири ҳисобланади.

Мазкур заводдан ташқари, USM холдингининг яна бир қанча корхоналари ҳам санкциялар рўйхатига киритилган,

жумладан, Металлоинвест, USM Telecom ва «Мегафон» уяли алоқа оператори.

OFAC 11 июлга қадар қора рўйхатга киритилган компаниялар билан ҳар қандай битимларни бекор қилиш учун лицензия берди. Бундан ташқари, бошқарма ушбу корхоналарнинг АҚШдаги активларини блоклаган.

Шунингдек, АҚШ Молия вазирлиги алоҳида фуқароларга, жумладан, бир қанча ўзбекистонликларга ҳам қарши санкциялар жорий қилган.

Рўйхатда Алишер Усмоновнинг синглиси Гулбаҳор Исмоилова, шунингдек Саодат Нарзиева, Насиба Нарзиева, Шоҳрух Носирхўжаев, Гулноз Кўчарова ва Натан Винер ҳам бор.

Буюк Британия ҳам USM га қарши санкциялар киритди. Мамлакат расмийлари бу қарорни Усмонов компаниялари Россия ҳукуматидан манфаатдор экани ва уни қўллаб-қувватлаётгани, шунингдек Россия Федерацияси учун стратегик аҳамиятга эга бўлган иқтисодиёт тармоқларида бизнес юритаётгани билан изоҳлайди.

Холдингдан ташқари, қора рўйхатга британияликларнинг фикрича, россиялик олигархга тегишли бўлган иккита компания — Curzon Square ва Hanley ҳам киритилган.

USM ўз навбатида, корхоналар ва акциядорларга нисбатан қўлланилган санкцияларни асоссиз деб атади ва мазкур чекловларни ноқонуний эканини исботлашга ҳаракат қилишини билдирди.

«Охангаронцемент» заводи ўтган аср ўрталарида ташкил этилган. Ўзбекистон мустақиллик даврида завод хусусийлаштирилиб, узоқ вақт Гулнора Каримова билан боғлиқ Zeromax компанияси томонидан бошқарилган. 2006 йили акцияларнинг катта қисмини Россиянинг «Евроцемент» компанияси сотиб олади. Кейинчалик, корхона оффшор компаниялар қўлига ўтади ва 2022 йили уни Akkermann Cement CA сотиб олган. Битим 1,88 триллион сўмни (164 миллион доллар) ташкил этган.

Таъкидлаш жоиз, Алишер Усмоновнинг ўзи ҳам ўтган йил март ойидан бери АҚШ санкциялари рўйхатидан ўрин олган. Расмийлар тадбиркорнинг Америкадаги активларини музлатиб қўйган ва бизнесменга нисбатан виза чекловларини жорий қилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ