Бишкекнинг Первомайский туман суди 12 апрель куни бўлиб ўтган мажлисда «Кампир-Обод иши» бўйича бир неча айбланувчига нисбатан эҳтиёт чорасини ўзгартирди, деб хабар беради Kaktus.Media.
Уй қамоғига ўтказилганлар:
✅ Клара Сооронқулова, Конституциявий суднинг собиқ судяси;
✅ Мамбетжунус Абилов, Қирғизистоннинг Туркиядаги собиқ элчиси;
✅ Асия Сасиқбаева, собиқ депутат;
✅ Улукбек Маматаев, фуқаролик фаоли;
✅ Таалайбек Мадеминов, фуқаролик фаоли;
✅ Гулнора Жўрабаева, Марказий сайлов комиссиясининг собиқ аъзоси;
✅ Чингиз Капаров, фуқаролик фаоли (11 апрелдан бери касалхонада ётибди).
Шу тариқа, айни дамда Ўш вилоятидаги Кемпиробод сув омборининг Ўзбекистонга ўтказилишига қарши бўлган ўнлаб киши тергов изоляторида қолмоқда. Деярли барчаси ўтган йилнинг 23 октябрида ҳибсга олинган — аввалига икки ойга, кейин декабрда суд эҳтиёт чорасини 20 февралгача узайтирганди.
Бунга жавобан ҳибсга олинганларнинг уч нафари сиёсий очлик эълон қилган, кейинроқ эса «Кампир-Обод иши» бўйича яна 16 нафар айбланувчи акцияга қўшилган. Улар тергов изоляторидан озод этилишини, оммавий тартибсизликлар уюштиришга тайёргарлик кўриш бўйича қўзғатилган жиноий ишни уйдирма ва қалбакилаштирилган деб атаган ҳолда тўхтатишни талаб қилишган.
26 ва 27 декабрь кунлари Бишкек шаҳар суди ҳибсдагилар адвокатларининг эҳтиёт чораси сифатида уй қамоғига ўзгартириш ҳақидаги шикоятларини кўриб чиққан, бироқ уларнинг бирортасини қаноатлантирмаганди. Бу вақтга келиб очлик эълон қилганлар акцияни тўхтатиб қўйишди. Жорий йилнинг 10 март куни Бишкек шаҳар суди уларни тергов изоляторида сақлаш муддатини 20 апрелга қадар узайтирди.
10 апрель куни маҳбусларга яна бир айблов — мамлакат президенти Садир Жапаровни ҳақорат қилишда айбланганлик қўйилгани ҳақида хабар беришган.
«Бизнинг фикримизча, президентга яқин кишилар унга «Кампиробод иши» бўйича айбланувчилар ҳақида ёлғон маълумот бериб, бизни ҳибсга олиб, президентни атайлаб шарманда қилишган. Садир Жапаров бу ёлғон маълумотларни қурултойда бутун дунёга эълон қилди. Садир Жапаров ана шу ёлғон маълумотларга асосланиб, бизни ҳибсга олишни Ички ишлар вазирлигига буюрган. Президентга, терговчилар, прокурорлар ва судяларга ёлғон маълумот берган шахс нафақат мамлакатда, балки бутун дунёда президентнинг шаънига доғ туширди», — дейилади хабарда.
Аввалроқ, декабрь ойида Садир Жапаров «Кабар» агентлигига берган интервьюсида сиёсатчилар ва фаолларнинг оммавий ҳибсга олинишини изоҳлар экан, уларни Кампиробод сув омбори тақдири эмас, балки расмийлар қизиқтираётганини айтган эди. Унинг сўзларига кўра, қўлга олинганлар «доимо халқни безовта қилган» ва «давлат тўнтариш масаласини» муҳокама қилишган. «Булар тўғридан-тўғри қамоққа жўнатилган провокаторлардир», — деди Қирғизистон президенти.