Остонадаги намойишда қўлга олинган жанаўзенлик нефтчилар қўйиб юборилган ва уйларига жўнатилган

Энергетика вазирлиги биноси олдида намойиш қилаётган жанаўзенликлар. tengrinews.kz сайти фотосурати

Остонадаги Энергетика вазирлиги биноси олдида намойишга чиққан ва 11 апрель куни қўлга олинган Манғистау вилоятининг Жанаўзен шаҳридаги нефтчилар қўйиб юборилиб, поездда уйларига жўнатилган. Бу ҳақда Қозоғистон Бош прокурори ўринбосари Жандос Умиралиевга асосланиб, Tengrinews хабар беради.

Назорат идораси вакилининг сўзларига кўра, энг фаол намойишчилардан беш нафари рухсат этилмаган митингда қатнашгани учун маъмурий жавобгарликка тортилган – уларга огоҳлантириш берилган, кейин эса қўйиб юборилган.

Бош прокуратуранинг қўшимча қилишича, Жанаўзеннинг ўн нафар фуқароси Остонада қолган, улар намойишчилар манфаатларини ҳимоя қилиб, музокаралар олиб боради.

«Ҳақиқатан ҳам, 10 апрель куни Энергетика вазирлиги биноси олдида «БерАли Мангистау Company» нинг собиқ ходимлари МЧЖдаги фаолиятини тиклаш ёки «Озенмунайгаз»га ишга жойлаштириш талаби билан ноқонуний йиғилиш ўтказган. Таъкидлаш жоизки, улар бундай ҳаракатларни ўтказиш тўғрисида хабардор қилиш тартибини бузган. Бундай пикетлар ва акциялар учун ҳокимликларга беш кун олдин хабар бериш талаб этилади. Бундай билдиришнома берилмаган»,деди Умиралиев.

Пойтахтга келган ишчилар бир кунни Энергетика вазирлиги идораси ёнида ўтказишган. 11 апрель куни кечқурун махсус кучлар ҳаракат жойига этиб келишган, полиция автозакларни олиб келган.

Натижада 126 киши ҳибсга олинган.

Бундан хабар топган Жанаўзен аҳолиси ҳибсга олинганларни озод қилишни талаб қилиб кўчаларга чиққан. Шаҳар маъмурияти биноси олдида икки минггача одам йиғилади. Нефть ва газ соҳаси ходимлари ҳамкасблари билан бирдамликда бир неча соатга иш тўхтатишган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, 11 апрель куни шаҳарда интернет деярли йўқолган, уяли алоқада узилишлар бошланган.

Бош прокурор ўринбосари Умиралиевнинг қўшимча қилишича, Жанаўзен полицияси йўлни тўсиб қўйгани учун 30-40 кишини ҳибсга олган. Расмийнинг аниқлик киритишича, бунинг Остонадаги намойишларга ҳеч қандай алоқаси йўқ ва маҳаллий ишчилар ўз акциялари давомида ишга жойлашиш талабини илгари суришган. Профилактик суҳбатдан сўнг уларга ҳам уйга кетишга рухсат берилган.

2022 йил бошида Қозоғистон ғарбидаги нефть қазиб олувчи Манғистау вилоятининг Жанаўзен ва Оқтау шаҳарлари аҳолиси суюлтирилган газ нархи икки баравар оширилганига қарши кўчаларга чиқишганди. Кейинчалик намойишлар бошқа шаҳарларга ҳам тарқалган. 4 январь куни намойишчилар ва хавфсизлик кучлари ўртасида тўқнашувлар бошланади. Энг йирик тартибсизликлар Олмаота шаҳрини қамраб олади. Тўполон натижасида ҳалок бўлганларнинг расмий рўйхатига 238 кишининг исми-шарифи киритилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ