Туркия дунёдаги биринчи дронлар ташувчи кемасини фойдаланишга топширди

TCG ANADOLU КЕМАСИ. RTEDIJITAL САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Туркия ўз ҳарбий-денгиз кучлари таркибига дунёдаги биринчи учувчисиз самолётларни ташувчи «Анадолу» (TCG Anadolu) кемасини қабул қилди. Бу ҳақда Туркия президенти матбуот хизмати хабар берди.

Жанговор кема Истанбулнинг Sedef корхонасида қурилган. Лойиҳада 130 дан ортиқ маҳаллий субпудратчилар иштирок этган, кема бутловчи қисмларининг қарийб 70 фоизи Туркияда ишлаб чиқарилган. Янги ҳарбий кемани қабул қилиш маросимида Республика Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон иштирок этди.

«Бу кема бизга керак бўлганда дунёнинг исталган нуқтасида ҳарбий ва гуманитар амалиётлар ўтказиш имконини берадиган хусусиятларга эга», — деди Эрдўғон.

Унинг таъкидлашича, кеманинг Туркия ҳарбий-денгиз кучлари таркибига киритилиши 2004 йили бошланган ҳарбий-саноат комплекси соҳасида импорт ўрнини босиш дастурининг ёрқин намунасидир. Кема 2019 йилда сувга туширилган ва қабул синовлари 2022 йилнинг ёзида якунланган.

Кема Туркиянинг 11 та энг янги Bayraktar TB3 ҳужумчи учувчисиз учиш аппаратини (УУА) ёки ишлаб чиқилаётган илғор Kızılelma реактив дронларини, шунингдек, палубада 10 тагача жанговар вертолётни ва 30 тагача УУА ва 19 та вертолётни ангарда қабул қилиш имкониятига эга.

«Енгил авиа ташувчи» кеманинг зарбалар асосига айланган дронлардан ташқари Туркиянинг HÜRJET жанговар ўқув самолётларини ҳам қабул қила олади. У Turkish Aerospace Industries томонидан ишлаб чиқилган ва ҳозирда синовдан ўтказилмоқда.

«Анадолу» десант кемаси вазифасини ҳам бажара олади. У ўзининг логистик таъминотига эга ва Эгей, Қора ва Ўртаер денгизлари ҳавзаларига Туркия қуролли кучларининг камида битта баталон шахсий таркибини етказиб бера олади.

Ҳаммаси бўлиб, кема бортида 94 та зирҳли техника, шу жумладан 13 танк ва 33 зирҳли транспорт воситаси ва пиёда жанговар транспорт воситаларини олиши мумкин.

Агар керак бўлса, «Анадолу» табиий офатлар оқибатларини бартараф этиш ва қочқинларни эвакуация қилиш учун ишлатилиши мумкин. Кема бортида тўлиқ касалхона ва иккита операция хонаси жойлашган.

Мазкур кема 20,5 узел (38 км/соат) тезликка эга. Унинг максимал сув сиғими 27 минг тоннани ташкил қилади. Таққослаш учун: дунёдаги энг йирик Америка ҳарбий кемаси «Нимиц» авиаташувчиси ва ушбу тоифадаги бошқа кемаларнинг энг катта сув сиғими 106 минг тоннадан ошади, Россия ҳарбий денгиз флотига қарашли Адмирал Кузнецов крейсери эса (2019 йилдан бери таъмирланмоқда) — 61 минг тоннага эга.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ