АҚШ армияси фахрийлари Ўзбекистон авиабазасидаги заҳарли моддалар ҳақида маълумотларни яширгани учун Пентагонни судга беришди

АҚШ ҳарбийларининг Қарши Хонобод авиабазасига ташрифи. independent.co.uk сайти фотосурати

АҚШ армияси фахрийлари манфаатларини ҳимоя қилувчи гуруҳлар Ўзбекистондаги Қарши-Хонобод авиабазасига ҳарбий хизматчиларни жойлаштириш чоғида саратон ва бошқа касалликларни келтириб чиқарган заҳарли моддалар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилишни талаб қилиб, Мудофаа вазирлигини судга берди. Бу ҳақда Associated Press хабар беради.

Даъво Коннектикут федерал судига 3 апрель куни берилган. Шикоятчилар Пентагонни АҚШ ҳарбийлари бу ерда (2001-2005 йиллар) бўлганида К2 номи билан машҳур Қарши-Хонобод ҳаво базасида жойлашган хавфли моддалар, жумладан уран, кимёвий қурол ва асбест ҳақидаги маълумотларни яширганликда айбламоқда.

Даъвога кўра, заҳарли моддалар «қора ёпишқоқ» ҳовузларда бўлган ва бу аскарларнинг ҳушини йўқотишига сабаб бўлган. Базада камида 15,8 минг ҳарбий хизмат қилган ва уларнинг касалланиш ва ўлим даражаси одатдагидан сезиларли даражада юқори бўлган.

Хонободда хизмат қилган ва ҳозирда Stronghold Freedom Foundation ижрочи директори Метт Эрпелдинг (Matt Erpelding) га кўра, 2015 йили ўтказилган дастлабки ҳарбий тергов шуни кўрсатдики,

К2 фахрийларининг бошқа жойлардаги ҳарбий хизматчиларга қараганда саратон касаллигига чалиниш эҳтимоли беш баравар юқори бўлган. Ҳарбийларнинг соғлиғи билан боғлиқ муаммолар Қаршидаги базага етиб келганидан сўнг бошланган.

Эрпелдингнинг сўзларига кўра, К2да хизмат қилган ва у бошқарган жамғарма аъзоларидан 75 киши 2012 ва 2020 йиллар орасида вафот этган, сўнгги саккиз ой ичида яна ўн киши вафот этган. 2020 йили 2000 га яқин К2 фахрийлари иштирокида ўтказилган тадқиқотда деярли 1900 та касаллик, шу жумладан 491 та саратон касаллиги қайд этилган. Респондентларнинг баъзилари кўплаб касалликларга дучор бўлганликларини айтишди.

Армия расмийлари 2015 йилги тергов чекланганлиги ва К2даги хизмат ва касаллик ўртасида аниқ алоқа ўрнатмаслиги ҳақида огоҳлантиришган. Ҳеч ким К2 фахрийларининг қанчаси саратон касаллигига чалингани ва ундан вафот этгани ҳақида аниқ маълумотга эга эмас. Ҳозирда Мудофаа департаментлари фахрийлар ишлари бўйича бу масалани чуқурроқ ўрганмоқда.

«Биз ҳали ҳам К2да ҳаво, сув ва қуруқликда нима яширинганини аниқ билмаймиз. Биз билмаймиз, чунки ҳукумат К2 да топилган заҳарли моддалар қайдларини ошкор этишдан бош тортмоқда», —дейди Stronghold Freedom Foundation бошқаруви аъзоси Ким Брукс. Унинг турмуш ўртоғи, полковник Тимоти Брукс 2004 йили, К2да хизмат қилганидан уч йил ўтмай, мия шиши туфайли вафот этган. У 36 ёшда эди.

Қўзғатилган даъвода Ўзбекистон авиабазасидаги заҳарли моддалар ва уларнинг ҳарбий хизматчиларга таъсир қилиш оқибатлари ҳақида маълумот берилиши, бемор фахрийларга аниқ ташхис қўйиш ва уларнинг даволаниши, соғломлар эса зарур профилактика чораларини кўришлари талаб этилади.

Ўзбекистон жанубидаги Хонобод аэродроми 2001 йил октабридан 2005 йил ноябрига қадар АҚШ ҳарбий ҳаво базаси сифатида фойдаланилган. Американинг илк самолётлари 11 сентябрь хуружларидан бир ой ўтиб Ўзбекистон жанубига қўнган. Авиабаза қўшни Афғонистонда жойлашган «Ал-Қоида»* ва «Толибон»* радикал ҳаракати фаолларини нишонга олиш кампаниясида АҚШ кучлари учун логистика маркази вазифасини ўтаган. 2005 йил май ойида юз берган Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистон ҳукумати америкаликлардан Хонободни тарк этишни талаб қилган.

2020 йил ёзида АҚШда Пентагоннинг махфийлиги ошкор этилган ҳужжатлари эълон қилинди, шундан келиб чиққан ҳолда К2да хизмат қилаётган ҳарбийлар заҳарли моддалар ва радиация таъсирига тушиши мумкин бўлган. Хусусан, 2001 йили ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, база атрофидаги тупроқ самолёт ёқилғиси билан ифлосланган. 2004 йили ҳарбий хизматчиларнинг 100% гача «радиация билан ҳар куни алоқа қилганлиги» мумкинлиги аниқланган. Ҳужжатларга кўра, америкаликлар базага жойлаштирилгунга қадар у ерда совет ракеталари йўқ қилинган, бу эса тупроқнинг емирилган уран (уран бойитишнинг қўшимча маҳсулоти) ва асбест билан тўйинганлигига олиб келган.

2021 йил февраль ойида Ўзбекистон Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси вакили Қарши-Хонобод авиабазасида далаларда ишлов бериш учун ўғитлар сақланадиган кимёвий синов майдончаси бўлиши мумкинлигини тахмин қилган эди. Унинг сўзларига кўра, қўмита «ҳақиқатан ҳам заҳарли моддалар ва радиация бор-йўқлигини аниқлаш мақсадида ўз лабораторияларида тадқиқот олиб бормоқда».

*РФ ва кўпгина давлатларда террорчи сифатидан тан олинган ва тақиқланган ташкилотлар (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ