Қозоғистонлик мухолифатчи Жанболат Мамай олти йиллик шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинди

ЖАНБОЛАТ МАМАЙ. BUREAU.KZ САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Олмаота шаҳрининг Бостандиқ тумани 2-суди рўйхатдан ўтмаган Қозоғистон демократик партияси етакчиси Жанболат Мамайни жамоатчилик ва журналистик фаолият билан шуғулланишни тақиқлаш билан бирга олти йиллик шартли қамоқ жазосига ҳукм қилди, деб ёзади «Власть» нашри.

Мухолифатчи сиёсатчи республика Жиноят кодексининг учта моддаси бўйича айбдор деб топилди:

👉 378-модданинг 2-қисми («Ҳокимият вакилини ҳақорат қилиш»);

👉 274-модда 2-қисмининг 3-банди («Била туриб ёлғон маълумотларни тарқатиш»);

👉 272-модданинг 1-қисми («Тартибсизликларни ташкил этиш»).

Шартли қамоқ жазосидан ташқари, Мамайга олти йилга сиёсий ва журналистик, жумладан ижтимоий тармоқларда фаолият юритиш тақиқланади.

Шунингдек, Демократик партия етакчисидан 800 400 тенге (тахминан 1800 доллар) миқдоридаги суд харажатлари ундирилди.

Суд қарори қонуний кучга кирмаган. Шу билан бирга, Мамай ишни сиёсий мотивга эга деб ҳисоблайди, у ҳеч бир айблов бўйича ўз айбини тан олмади ва ҳукм устидан шикоят қилмоқчи.

2022 йил 25 февралда Жанболат Мамай «Қонли январь» қурбонлари хотирасига рухсат этилмаган митингда қатнашгани учун 15 кунга ҳибсга олинган эди. 13 март куни фаол тергов изоляторини тарк этиши керак бўлган, аммо бу нарса содир бўлмаган — тергов суди уни Жиноят кодексининг икки моддаси: қасддан ёлғон маълумот тарқатиш ва ҳукумат амалдорларини ҳақорат қилиш бўйича гумонланувчи сифатида яна икки ойга ҳибсга олди.

Ўша йилнинг июнь ойида ҳибсда сақланаётган Демократик партия раҳбари бошқа иш бўйича айбланувчига айлангани, у январь ойидаги намойишлар чоғида оммавий тартибсизликлар уюштирганликда ва била туриб ёлғон маълумот тарқатганликда айблангани хабар қилинганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ