Филология фанлари номзоди, Самарқанд давлат университети доценти, жамоат арбоби Рубен Гамлетович Назарьян 76 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Facebook (РФда экстремистик деб тан олинган Meta копрациясига тегишли тармоқ) даги «Я-самаркандец» («Мен самарқандликман») гуруҳи хабар берди.
Рубен Гамлетовични Самарқанд тарихининг энг яхши билимдони дейиш мумкин. Дунёнинг 22 давлатида турли тилларда нашр этилган 800 дан ортиқ рисолалар, монографиялар, маърузалар, сценарийлар, илмий-оммабоп мақолалар унинг қаламига мансуб. Самарқанднинг польяк ва арман диаспоралари ҳақидаги китоблар, шунингдек, чор Россияси давридаги Самарқандга бағишланган тўплам шулар жумласидан.
Рубен Гамлетович «Фарғона» нашри учун ҳам мақолалар ёзган.
Рубен Назарьян ярим асрдан ортиқ Самарқанд давлат университетининг рус филологияси факультетида ишлади. Унинг шогирдлари дунёнинг кўплаб мамлакатларида фаолият олиб боришади, улар орасида «Фарғона» журналистлари ҳам бор.
«Фарғона» ахборот агентлиги таҳририяти Рубен Гамлетович Назарьяннинг оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик изҳор қилади ва қайғусига шериклигини билдиради.