Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси Олмаота вилояти бўйича департаментининг собиқ бошлиғи Собит Курманалиев 2022 йил январь воқеалари бўйича 6 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда 7 апрел куни КазТАГ ахборот агентлиги хабар берди.
«Суд ҳукми билан К[урманалиев] 362-модданинг 4-қисми (мансабдор шахснинг ўз ҳуқуқ ва ваколатлари доирасидан очиқчасига чиқиб кетиши ва оғир оқибатларга олиб келадиган даражада мансаб ваколатларини четлаб ўтиши) билан айбдор деб топилиб, 10 йил муддатга ҳуқуқ-тартибот идораларида муайян лавозимларни эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум этилган ҳолда олти йил муддатга озодликдан маҳрум этилди», — деб хабар беради Толдиқўрғон шаҳар суди ахборот агентлигига.
Шунингдек, Президент Қосим-Жомарт Тўқаевга Қурманалиевни миллий хавфсизлик генерал-майори махсус унвонидан ҳамда давлат мукофотлари ва орденларидан маҳрум этиш тўғрисида тақдимнома киритилган.
«К[урманалиев] Олмаота вилояти МХҚ департаменти бошлиғи бўлиб ишлаган ҳолда, 2022 йил 5 январда содир бўлган воқеаларни инобатга олиб, ўз хизмат вазифаларига совуққонлик билан қараган ва шахсий таркибга бошқармани ҳимоя қилиш чораларини кўрмаслик; маъмурий бинони тарк этиш; расмий ва махфий ҳужжатларни йўқ қилиб, яшаш жойларига тарқаб кетишга доир қонунга хилоф буйруқлар берган ва бу билан ўз хизмат ваколатларини суиистеъмол қилиб, МХҚ биносининг босиб олинишига сабаб бўлган», — дея аниқлик киритилган судда «махфий»лик билан боғлиқ бошқа ҳолатлар ошкор этилмаган ҳолда.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистондаги январь воқеалари дея 2022 йил январь ойи бошида тартибсизликларга айланган норозилик намойишлар назарда тутилади. Шундан сўнг мамлакат президенти давлат тўнтаришига уриниш бўлгани ҳақида эълон қилади ва ёрдам сўраб КХШТга мурожаат қилади – мамлакатга ташкилотга аъзо давлатларнинг ҳарбий бўлинмалари киритилади. 7 январга келиб вазият барқарорлашган, 19 январдан бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат бекор қилинган. Тўполон натижасида ҳалок бўлганларнинг расмий рўйхатига 238 кишининг исми-шарифи киритилган.
Тўполон пайтида МХҚнинг бир қанча объектлари босиб олинган. Шундай қилиб, Олмаотада бузғунчилар хавфсизлик кучларининг қаршиликларисиз МХҚ арсеналини эгаллаб олишади. Натижада Тўқаев давлат хавфсизлик хизматининг бир қатор раҳбарларини, жумладан унинг бошлиғи Карим Масимовни ўз лавозимидан четлатган. Ҳозирда Масимов устидан суд ёпиқ режимда давом этмоқда.