Петропавловск (Шимолий Қозоғистон вилояти) шаҳридаги 4-мактаб ўқувчиларига болта билан ҳужум қилган ўсмир воқеадан олдин тенгдошлари томонидан таҳқирланиб келган. Бу ҳақда 6 апрель куни вилоят прокуратурасида бўлиб ўтган йиғилишда ўқитувчилар маълум қилди, деб хабар беради AstanaTV.
Шимолий Қозоғистон вилояти прокурори ўринбосари Абу Али Сатторнинг айтишича, ўсмир 2021 йили ўз жонига қасд қилишга уринган. Шу сабабдан у уч ойлик дарсларни қолдирган.
«Аммо бу ҳақда мактаб соғлиқни сақлаш идораларига хабар бермаган. Мактаб маъмурияти ўз жонига қасд қилишга уриниш ҳолатига ойдинлик киритмаган. Шундай қилиб, бизда таълим ва соғлиқни сақлаш ташкилотлари ўртасида ўзаро алоқа йўқ, бунга келажакда йўл қўйиб бўлмайди», — дейди прокуратура вакили.
Ҳодиса 13 февраль куни 4-умумтаълим мактабида содир бўлган. Соат 7:50да 9-синф ўқувчиси Д. мактаб биносига кириб, 10 ва 9-синфларда ўқийдиган икки ўғил ва бир қизни болта билан яралаган.Боши ва билак қисмидан жароҳатланган икки бола шифохонасига ётқизилган, учинчи болага воқеа жойида тиббий ёрдам кўрсатилган.
Мазкур ҳодиса бўйича жиноят иши қўзғатилиб, қўлга олинган ўсмир вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига (ВСҲ) жўнатилган. Аниқланишича, у аввали Олмаота шаҳридаги Республика руҳий саломатлик илмий-амалий марказига ётқизилган, 2022 йил ноябрь ойи охирида умумий таълим йўналиши бўйича ўқишни давом эттириш тавсия этилган ҳолда шифохонадан чиқарилган.
«У билан боғчадан бошлаб биргамиз. Умуман олганда, у доимо яхши бола бўлган, лекин сал нарсага хафа бўларди. Ҳар доим нормал бўлган. Биз у билан гаплашардик. У бошқалардан ажралиб турмасди», — дея эслайди ўсмирнинг болта билан ҳужумини тўхтатишга ёрдам берган синфдоши Нурислом Сандибай.
Шимолий Қозоғистон вилояти таълим бошқармаси 4-сонли мактабда юз берган воқеадан сўнг улар ўқувчилар ва ўқитувчилар билан суҳбатлар ўтказгани ҳақида хабар берди.
«Ўқувчилар томонидан безорилик фактини инкор этиб бўлмайди. Айтилмаган гаплар борасида жиддий муаммо бор. Аммо қонунга кўра, тиббиёт ходимлари ҳар доим ҳам боланинг ташхиси ҳақида бизга хабар беришга ҳақли эмас. Шифокор сири деган тушунча бор. Мазкур ҳолатда боланинг психо-неврологик диспансерда кузатилаётганини ҳеч ким билмас эди. Она боласининг ташхиси ва у бўлган жойни ошкор қилмасликни ўз ҳуқуқи деб билган», — дейди вилоят таълим бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Татяна Протопопова.