Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи Amnesty International ташкилоти Ўзбекистон Сенати томонидан оиладаги зўравонлик учун жиноий жавобгарликка тортилишга доир қонун қабул қилинишини муҳим қадам деб атади.
«Ўзбекистон ҳукумати инсон ҳуқуқлари бўйича гендер зўравонлигига чек қўйиш бўйича халқаро мажбуриятини бажариш йўлида муҳим қадам ташлади», — деди Amnesty Internationalнинг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Хизе Макгилл (Heather McGill).
Макгиллнинг қайд этишича, Ўзбекистондаги аёллар ва ҳуқуқ ҳимоячилари йиллар давомида оиладаги зўравонликдан ҳимояланиш учун кампания олиб боришган.
«Бугун Ўзбекистон ниҳоят Шарқий Европа ва Марказий Осиёда Грузия, Қирғизистон, Молдова ва Украинадан кейин оиладаги зўравонликни қонунга мувофиқ алоҳида жиноят эканини тан олган бешинчи давлатга айланди», — деди Amnesty International вакили.
Шу билан бирга, у Ўзбекистонда янги қонунни ҳаётга татбиқ этиш, оиладаги зўравонликнинг олдини олиш ва жамиятдаги патриархал муносабатларни бартараф этиш борасида ҳали кўп ишлар қилиниши кераклигини эътироф этди. Бу мамлакатда ҳуқуқий ҳимоя кўпинча оиладаги зўравонлик низоларини ҳал қилишда оилани сақлаб қолишга урғу бериб, мансабдор шахслар жабрланувчини ҳимоя қилишдан кўра ярашиш ва оилани бирлаштиришга интилади.
Халқаро Амнистия ташкилотининг қайд этишича, парламент веб-сайтидаги расмий баёнотда янги қонун нафақат аёллар ва болаларга нисбатан оиладаги зўравонликнинг олдини олишга, балки «оила институтини мустаҳкамлашга» ҳам хизмат қилади.
Шунингдек, ҳуқуқ ҳимоячилари Ўзбекистонда жисмоний зўравонлик жиноят деб эътироф этилган бўлса-да, иқтисодий ва руҳий зўравонлик ҳамон эътиборсиз қолаётганидан хавотирда эканини таъкидлайдилар.
Ўзбекистон Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик кодексларига оиладаги зўравонлик учун жиноий жавобгарликка тортилиш ҳамда аёллар ва болаларни қўшимча ҳимоя механизмлари билан таъминлайдиган ўзгартишлар тўплами 6 апрель куни Сенат томонидан маъқулланди. Қонун мамлакат президенти томонидан имзоланганидан кейин кучга киради.