Мустақил журналист Шоҳида Тўлаганованинг Ўзбекистонга киришига рухсат беришмади

Шоҳида Тўляганова. Ижтимоий тармоқдаги саҳифасидан олинган фотосурат

Мустақил журналист ва ҳужжатли фильм продюсери Шоҳида Тўлаганова Ўзбекистонга киритилмаган. Бу ҳақда журналист Facebook (РФда экстремистик деб тан олинган Meta копрациясига тегишли тармоқ) даги саҳифасида маълум қилди.

«Ҳозир биз Ўзбекистонда бўлишимиз керак эди, лекин Тошкентга келганимдан сўнг, болаларимга киришга рухсат беришган бўлса-да, мени мамлакатга киритишмади. Мен болаларим киришига рухсат бермадим. Туғилган юртимга нима сабабдан киритишмаётгани сабабини тушунтиришмади. Ўйлайманки, Ўзбекистон ҳукумати ҳали ҳам менга нисбатан гина-кудуратда», — деб ёзади Тўлаганова 5 апрель куни.

«Озодлик»ка (Россия Федерациясида хорижий агент сифатида тан олинган Озодлик радиосининг ўзбек хизмати) берган изоҳида журналист 4 апрель куни икки фарзанди билан Лондондан Тошкентга «Ўзбекистон ҳаво йўллари» рейси билан жўнаб кетганини айтади.

«Эрталаб Тошкентга учиб келдик. Паспорт назоратида мен Британия паспортларини бердим. Ходим паспортларимизни кўздан кечириб, ҳамкасбини чақирди. Улар хавотирланиб, қаёққадир қўнғироқ қила бошлашди. Тахминан 40 дақиқадан сўнг, мансаби юқорироқдек туюлган аэропорт ходимларидан бири менга: «Опа, сизни Ўзбекистонга кирита олмаймиз, маълум бўлдики, сизни Ўзбекистонга киритиш тақиқланган экан! Лекин биз болаларингни киритамиз». Фарзандларимни Ўзбекистонда ёлғиз ташлаб кетолмасдим! Шундай қилиб, биз бирга қайтиб кетишга қарор қилдик.
Мени Ўзбекистонга киритмаганликлари сабабини айтмадилар. «Ҳеч қандай сабаб йўқ, ҳеч нарса йўқ!»дейишди улар. Қаергадир қўнғироқ қилиб, салбий жавоб олганликларини айтишди. Лондонга навбатдаги парвоз жума кунигача амалга оширилмасди. Икки кун транзит зонада бўлишимни айтишди. Маълум бўлишича, икки кун болалар билан транзит зонада ўтиришим керак экан?! Мен бундай таклифдан бош тортдим», — деди Шоҳида Тўлаганова.

Унинг сўзларига кўра, худди шу рейсда Лондондан Британия паспортига эга бошқа бир журналист учиб келган, бироқ унга Ўзбекистонга киришга рухсат берилган.

Натижада журналист чипталар учун 1200 доллар сарфлаб, Ригага учиб кетган. Самолётда бўлганида унинг паспортлари қайтарилган.

Бу Тўлаганованинг Ўзбекистонга киритилмаганига доир биринчи ҳодиса эмас: 2021 йил августида ҳам у мамлакатга киритилмаган.

Тўлаганованинг фикрича, Ўзбекистонга кириш тақиқлангани унинг журналистик фаолияти билан боғлиқ: унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон расмийлари уни 2005 йил май ойида Андижон фожиасини ва 2007 йил 24 октябрда Ўш шаҳрида отиб ўлдирилган қирғизистонлик мустақил журналист Алишер Соиповнинг ўлдирилишини ёритгани учун «кечиришмаган». «Бу менинг улар билан ҳамкорлик қилишдан бош тортишим ҳам бўлиши мумкин», — дея қўшимча қилади журналист.

ℹ️ Шоҳида Тўлаганова (Ёқуб) Британиянинг ВВС корпорациясида 14 йил ишлаган, «Настоящее время» телеканали (Россия Федерациясида хорижий агент сифатида тан олинган) билан ҳамкорлик қилган, инсон ҳуқуқларига оид бир қанча радиоэшиттириш ва фильмлар муаллифи. Шоҳида Ёқубнинг «My Fake Passport and Me» («Менинг қалбаки паспортим ва мен») фильми – Европа бўйлаб қалбаки паспортларда саёҳат қилишга доир ҳикояси – журналистик суриштирувнинг классикасига айланган. «How to Plan a Revolution» («Инқилобни қандай амалга ошириш уммкин») фильми Берлин кинофестивалида биринчи ўринни эгаллаган. Сўнгги йилларда у собиқ СССР ва Болтиқбўйи мамлакатларидаги молиявий жиноятлар бўйича журналистик суриштирув билан шуғулланмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ