Россия футбол иттифоқи (РФИ) Россия терма жамоасининг биринчи Марказий Осиё футбол чемпионатида (CAFA) иштирок этишини хат орқали тасдиқлаган, бироқ ташкилотчилар билан шартнома имзоламаган, бу эса турнирга тайёргарликни анча сусайтиради. Бу ҳақда «Фарғона»га вазиятдан хабардор манба маълум қилди.
Манбага кўра, РФИнинг қарорсизлиги туфайли, хусусан, Осиё термаларидан бири бўлиши керак бўлган турнирнинг саккизинчи иштирокчисини таклиф қилиш борасидаги ишлар тўхтаб қолган. Бундан ташқари, россияликларнинг иштироки чемпионатнинг молиявий қисмига ҳам таъсир қилади. Россия терма жамоаси келган тақдирда ҳомийлар томонидан қизиқиш ортади, бу эса иштирокчиларга Тошкент ва Бишкекда ўз маблағлари ҳисобидан қолишларига имкон беради. Шундай қилиб, россиялик букмекерлик ташкилотларидан бири Россия телевидениесида ўйинларни трансляциясида барча реклама вақтини сотиб олишга тайёр эканини билдирган.
«Газпром»нинг CAFA чемпионати ҳомийси бўлиши ҳақидаги маълумотларга келсак, бу ҳали тасдиқланмаган. «Бу миш-мишлар. Ҳамма РФИнинг расмий қарорини кутмоқда», — дейди «Фарғона» манбаси.
Агар РФИ мусобақаларда иштирок этишдан бош тортса, у ҳолда Россия терма жамоаси бошқа Осиё жамоаси билан алмаштирилади.
РФИ қарорини Эронда ҳам кутишмоқда, бу ерда вазиятни тушуниш Осиё кубоги ва Жаҳон чемпионати саралашида иштирок этишга тайёрланаётган миллий терма жамоа тақвимини аниқроқ шакллантириш учун зарур бўлади.
Биринчи CAFA чемпионати 9-21-июнь кунлари Бишкек ва Тошкент шаҳарларида бўлиб ўтади. Унда саккизта жамоа иштирок этади. Шу кунгача CAFAнинг барча олти аъзоси — Афғонистон, Эрон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон чемпионатда иштирок этиш учун розилик берган. Россия еттинчи, Осиё жамоаларидан бири саккизинчи бўлиши кутилмоқда.
Турнир регламентига кўра, саккизта жамоа икки гуруҳга бўлинади. Бир гуруҳ ўйинлари Тошкентда, иккинчиси Бишкекда ўтказилади. Гуруҳ ғолиблари финалда тўқнаш келишади. Ўз квартетларида иккинчи бўлган жамоалар чемпионатда учинчи ўрин учун кураш олиб боради. Ҳар икки финал учрашуви Тошкентда бўлиб ўтади.