2021 йил августидан буён Афғонистонда ҳокимиятни назорат қилаётган «Толибон»* радикал ҳаракати маҳаллий аёлларга БМТнинг мамлакатдаги миссиясида ишлашни тақиқлади. Бу ҳақда Ariana News телеканали хабар берди.
Ҳозирда БМТнинг Афғонистондаги миссиясида 400 га яқин афғонистонлик аёл меҳнат қилаётган эди.
Ўз навбатида, миссия раҳбари, гуманитар масалалари координатори Рамиз Алакбаров ташкилот аёллар меҳнати масаласида толиблар билан музокараларда ён бериш ниятида эмаслигини айтади.
«Биз [Афғонистон] расмийлари билан фаол мулоқот қилишда давом этамиз. Ишимиз тамойиллари бўйича ҳеч қандай компромисс бўлмаслигини аниқ айтмоқчиман», — деди у.
Алакбаровнинг сўзларига кўра, бу масала БМТ миссияси раҳбарияти ва «Толибон» ҳаракати вакиллари ўртасида 5 апрель куни Кобулда бўлиб ўтган учрашувда муҳокама қилинган, бироқ ҳозирча бир қарорга келинмаган.
Алакбаров Афғонистон фуқаролигига эга ва БМТ миссиясида ишлаётган аёллар ишга чиқмаётганини тасдиқлади. Бирдамлик белгиси сифатида уларнинг эркак ҳамкасблари ҳам ишга боришмаяпти.
Алакбаров БМТ миссияси ходимлари қачон ишга қайтишига аниқлик кирита олмади. «Сиз мендан бу қачон содир бўлишини сўраяпсиз. Эртага демоқмоқчи эдим, лекин эртага бундай бўлмайди. Бу шанба ёки якшанба куни содир бўладими-йўқми, билмайман, лекин аниқ содир бўлади», — деди у.
Шу билан бирга, миссия раҳбари тузилма ўз фаолиятини давом эттиришини таъкидлади. «Биз ишлаймиз ва Афғонистон халқига ёрдам бераверамиз», — дедди Алакбаров.
Унинг тушунтиришича, миссиядаги бошқа давлатлар вакиллари ҳам ишлаш имкониятига эга. «Биз тамойилларимиз асосида ишлай оладиган ва ёрдам бера оладиган жойда фаолият юритамиз», — деди БМТ вакили.
ℹ️ 2021 йил август ойида ҳокимиятни қўлга киритгач, толиблар ўрта мактаблар ва университетларда қизларнинг ўқишига чек қўйишди, университетларда аёлларнинг, шу жумладан профессор-ўқитувчиларнинг бўлишини тақиқлашди, шунингдек барча миллий ва халқаро нодавлат ташкилотларида аёлларнинг ишлашига чек қўйишди. Бундай қарорлар хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ томонидан кескин танқидларга учради.
Хориж давлатлари томонидан Афғонистондаги толиблар ҳукуматининг тан олинмаётгани сабабларидан бири — аёллар ҳуқуқларининг поймол этилаётганидир.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).