Индонезия миллий полициясининг терроризмга қарши махсус бўлинмаси «Катиба Тавҳид вал-Жиҳод»* халқаро экстремистик ташкилотига алоқадорликда ва унинг ғояларини тарғиб қилишда гумон қилинган тўрт нафар ўзбекистонликни қўлга олди. Бу ҳақда маҳаллий Antara агентлиги генерал Аҳмад Рамаданга асосланиб хабар берди.
Офицернинг таъкидлашича, 26 ёшдан 40 ёшгача бўлган ҳибсга олинганлар шу йилнинг февраль ойида Индонезияга Истанбулдан турли рейсларда Бирлашган Араб Амирликлари ва Малайзия орқали транзит йўли билан келган.
Тергов маълумотларига кўра, Сурияда фаолият юритаётган террорчилик ташкилоти жангарилари орасида уч нафар ўзбекистонлик ҳам бор. Тўртинчи гумонланувчи уларга моддий ёрдам кўрсатган, шунингдек сохта ҳужжатларни тақдим этган.
Генерал Рамазоннинг қайд этишича, гуруҳ раҳбари деб ҳисоблаш мумкин бўлган маҳбуслардан бири 2021 йили Ўзбекистондан Туркияга кетиб, у ерда тераклар уюштириш учун «Катиба Тавҳид вал-Жиҳод» гуруҳига янги одамларни жалб қилган. Кейин у Суриядаги террорчилар лагерига ўтказилган.
Полициячининг сўзларига кўра, Ўзбекистонда ушбу фуқарога нисбатан радикал мафкура тарғиботи билан боғлиқ жиноий иш очилган.
Индонезия полициясининг қўшимча қилишича, ўзбекистонликлар ҳали ҳибсга олинмаган ва Жакарта ҳозирда барча манфаатдор томонлар билан кейинги ҳаракатларни мувофиқлаштирмоқда.
Бир кун аввал, 4 апрель куни Россия ОАВлари Красноярскда «Катиба Тавҳид вал-Жиҳод» аъзоси бўлган ва радикал ислом ғояларини тарқатувчи Ўзбекистон фуқароси устидан суд бўлиб ўтгани ҳақида хабар берган эди.
У 9 йилга қаттиқ режимдаги колонияда жазо ўташга ҳукм қилинган.
Унинг издоши Тожикистон фуқароси маъмурий жавобгарликка тортилиб, ўз ватанига депортация қилинган.
Юқорида тилга олинган террорчилик гуруҳи ҳақида шу нарса маълумки, унинг вакиллари 2017 йили Санкт-Петербург метросида содир этилган терактга алоқадор деб топилган. Ўшанда 16 киши, жумладан, худкуш террорчи, Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида туғилган 22 ёшли Акбаржон Жалилов ҳалок бўлган. Ўнлаб одамлар яраланган.
Ўзбекистон ҳудудида ҳам экстремистларга қарши фаол кураш олиб борилмоқда. Масалан, 2022 йил январь ойида Тошкентда «Катиба Тавҳид вал-Жиҳод» террорчилик ташкилотига алоқадорликда гумон қилинган 30 киши қўлга олингани хабар қилинган эди.
*Россия ва кўпгина давлатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).