Олимпиада медалидан маҳрум бўлган қирғизистонлик оғир атлетикачи французни «оёқ чалганликда» гумон қилади

Иззат Ортиқов. forbes.com сайти фотосурати

Допингда айбланиб, 2016 йилги Олимпиада медалидан маҳрум этилган қирғизистонлик оғир атлетикачи Иззат Ортиқов Қирғизистон «Спорт» телеканалига берган интервьюсида ким унинг овқатига допинг қўшиб қўйган бўлиши мумкинлиги ҳақида гапирди. Бу ҳақда АКИpress хабар берди.

Спортчининг сўзларига кўра, мусобақа олдидан ошхонада унинг ёнида француз спортчиси Бернардин Матам ўтирган.

«Ўшанда Жанил Океева чиқиш қилганди, барча мураббийлар у билан бирга эди. Мен ёлғиз эдим. Мен бифштекс олиб, чойга бордим. Француз ёнимда ўтирарди. Қолганини фақат Худо билади, лекин мен ундан шубҳаланаман. Балки у овқатимга ниманидир аралаштириб қўйгандир», — дейди Ортиқов.

Спортчининг айтишича, бўлиб ўтган воқеадан сўнг у олти ой давомида стресс ҳолатида бўлган. У бирор нарса қилишни ёки кимлар биландир гаплашишни хоҳламаган. Фақат мураббий билан гаплашган. «У пайтқизим дунёга келди. Мен у билан ўйнардим», — дейди Ортиқов.

Риодаги Олимпиада ўйинларида Иззат Ортиқов 69 килограмм вазн тоифасида бронза медалини қўлга киритган. Унинг медали Қирғизистон терма жамоаси бисотидаги ягона медал эди. Бироқ, кейинчалик спортчининг допинг-тестида тақиқланган стрихнин моддаси топилган, шу сабабли спортчи мукофотдан маҳрум бўлган ва икки йилга дисквалификация қилинган.

Ортиқов нопокликда айблаётган франциялик Бернардин Матам қирғизистонлик дисквалификация бўлганини ҳисобга олган ҳолда ўша мусобақаларда еттинчи ўринни эгаллаган.

Иззат Ортиқов халқаро тоифадаги спорт устаси, кўп карра мамлакат чемпиони, 2016 йилги Осиё чемпиони, 2018 йилги Осиё ўйинларининг бронза медали совриндори. Дисквалификациядан кейин 29 ёшли спортчи аввалги даражага чиқа олмаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ