Уфанинг Ленинский туман суди Магнитогорскнинг «Металлург» клуби хоккейчиси, асли Уст-Каменогорсклик (Қозоғистон) Семён Кошелевни ҳарбий хизматдан бўйин товлагани ва пора ёрдамида университетга ўқишга киргани учун жаримага тортди. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.
Спортчи 2,2 миллион рубль (27,7 минг доллар) миқдорида жаримага тортилган. Кошелевнинг ўзи айбига иқрор бўлган.
«Университетда ўқиш бўлмаган. Мен айбимни қисман тан оламан. Ҳарбий билет масаласида воситачига 40 минг рубль ўтказганман — у бу пул учун ҳеч қандай чақирув қоғози келмаслигига ваъда берган. Мен ҳарбий комиссиядан ўтмаганман, тиббий кўрик бўлмаган, бироқ шифокор бир-иккита савол берган. Воситачи пулни ҳарбий комиссарга беришини айтганди — пул унга етиб борганми-йўқ, билмайман. Умуман университетга бормаганман. Сессия пайтида воситачи керакли миқдорда пулни сўрарди, мен уни тўлардим», — деб тан олади Кошелев.
Жорий йилнинг март ойи охирида Уфанинг Калининский туман суди туман ҳарбий комиссарлигининг тайёрлаш ва чақирув бўлими бошлиғи Константин Виропаевни олти йил шартли қамоқ ва 1,8 миллион рубль (22,7 минг доллар) миқдорида жаримага ҳукм қилган. Хабар қилинишича, у бир неча кишини, жумладан, исм-шарифлари ошкор этилмаган беш нафар спортчини армиядан «олиб қолган».
Ваҳоланки, ўтган йил октябрь ойида Уфанинг «Салават Юлаев» клуби аъзолари Владислав Лукин, Михаил Воробьёв ва Анвар Сулаймонов ҳарбий билет сотиб олганликда айбланиб, жарима ва шартли жазога ҳукм қилинганди. Тадбиркор ва собиқ полициячи Фарит Самигуллин порахўрликда воситачилик қилганликда гумон қилинган.
Кўринишидан, Кошелев иши ўтган йилги воқеаларнинг давомидир.
Семён Кошелев — Уст-Каменогорск хоккейининг тарбияланувчиси. Қозоғистон ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаларида ўйнаган. Клуб даражасида – «Каззинк-Торпедо» учун. 2015 йили у Россияга кўчиб ўтади ва у ерда Россия фуқаролигини олади. Хоккейчи Москванинг ЦСКА клуби билан шартнома имзолайди. У армиянинг фарм-клублари — «Красная Армия» ва «Звезда» да ўйнаган. 2017 йили у Омскнинг «Авангард» клубига кўчиб ўтади ва у ерда уч мавсум ўтказади. 2020 йилнинг сентябрь ойидан бошлаб у Магнитогорскнинг «Металлург» жамоасида ўйнамоқда.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон қонунчилиги иккинчи фуқароликка эга бўлишга рухсат бермайди. Шундай қилиб, 2022 йил декабрь ойида мамлакат терма жамоаси ва Остона «Барис»и ҳужумчиси, Россия Федерациясида туғилган Дмитрий Шевченко «ғамхўр мухлислар ташаббускор гуруҳи» сўровидан сўнг текширувдан ўтказилганидан сўнг Қозоғистон паспортидан маҳрум бўлганди.