2022 йили 1199 нафар Россия фуқароси Ўзбекистон солиқ резиденти мақомини олган. Улардан 1108 нафари ёки 92 фоизи юридик шахс сифатида, 91 нафари россиялик ёки 8 фоизи жисмоний шахс сифатида рўйхатдан ўтган. Бу ҳақда Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги солиқ қўмитасига таяниб, ТАСС хабар берди.
«2021 йилга нисбатан (802 та юридик, 108 та жисмоний шахс) Ўзбекистон Республикасининг солиқ резиденти мақомини олган Россия Федерацияси фуқаролари сони 32 фоизга ёки 289 тага ошган», — дея қўшимча қилади қўмита.
ℹ️ Ўзбекистонда солиқ резиденти мақоми 12 ой муддатга берилади. Уни олиш учун сиз солиқ қўмитасига ариза беришингиз керак, шунингдек республика ҳудудида йилига камида 183 кун ёки бошқа ҳар қандай давлатга қараганда кўпроқ вақт давомида бўлишингиз керак.
Статистика агентлиги маълумотларига кўра, ўтган йили Ўзбекистонга доимий яшаш учун 813 нафар Россия фуқароси келган, бу Марказий Осиёнинг ушбу республикасига кўчиб келган хорижликлар умумий сонининг 35 фоизини ташкил қилади.
2022 йил октабрь ойида Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги январь-сентябрь ойларида мамлакатга жами 318 156 нафар россиялик келганини, шулардан 210 902 нафари эркаклар ва 107 254 нафари аёллар бўлганини маълум қилди. Россияликларнинг республикага энг катта оқими июль-сентябрь ойларида қайд этилган — 189 175 киши. ИИВ маълумотларига кўра, айни даврда 18 нафар россиялик Ўзбекистон фуқаролигини қабул қилган.