Қозоғистонда никоҳни қайд этиш функциялари Аҳолига хизмат кўрсатиш марказларига ўтказилади

shopomania.kz сайти фотосурати

2023 йилнинг 1 июлидан бошлаб Қозоғистонда янги турмуш қурганлар никоҳ тузиш учун ҳозиргидек ФҲДЁ бўлимларига эмас, балки Аҳолига хизмат кўрсатиш марказларига (АХМ) мурожаат қиладилар. Бу ҳақда республика Адлия вазирлигига таяниб Informburo.kz хабар берди.

Адлия вазирлигининг таъкидлашича, айни пайтда ФҲДЁ органлари томонидан туғилиш, ўлим, никоҳ ва ажралиш ҳолатларини давлат рўйхатидан ўтказиш, шунингдек, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ўзгартириш, тўлдириш, тиклаш ва бекор қилиш ишлари олиб борилмоқда.

Аммо қонунчиликдаги ўзгаришлар туфайли 1 июлдан бошлаб бу функциялар аҳолига давлат хизматлари кўрсатувчи ягона провайдер – «Фуқаролар учун ҳукумат» давлат корпорациясига ўтказилади. Техник жиҳатдан бу жараённи давлат корпорациясининг рўйхатга олиш органлари – АХМ ходимлари амалга оширадилар.

«Ҳозирги босқичда давлат корпорацияси ижтимоий тўловларни қабул қилиш ва қайта ишлаш, ер участкаларига ҳужжатларни расмийлаштириш, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни рўйхатга олиш, юридик шахсларни рўйхатдан ўтказиш бўйича хизматлар кўрсатишга алоҳида эътибор қаратган»,дейилади Адлия вазирлиги хабарида.

Вазирликнинг қўшимча қилишича, функцияларнинг ўтказилиши давлат хизматлари марказларида «тегишли ваколатлар тақдим этилган ҳолда» жойлаштириладиган ФҲДЁнинг бекор қилинишини англатмайди. Шу билан бирга, вазирлик мутасаддиларининг таъкидлашича, ФҲДЁ органлари ходимларини ишга жойлаштириш бўйича барча чоралар кўрилади.

1 июлдан бошлаб никоҳни қайд этиш истагида бўлган қозоғистонликлар учун давлат божи хизмат кўрсатиш соҳасидаги ваколатли орган томонидан белгиланади.

Таъкидлаш жоиз, энди ФҲДЁ орқали ҳам, Интернет орқали ҳам никоҳга ариза топшириш мумкин. Янги турмуш қурганлар учун тўлов миқдори бир ойлик ҳисоб кўрсаткичи — 3450 тенге (7,6 доллар)ни ташкил этади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ