Қозоғистон Бош вазири Алихан Смаилов ҳукуматнинг ёқилғи нархини ошириш қарорини қўшни давлатларга ёқилғи-мойлаш материалларининг «айланма йўллар» билан экспорт қилинаётганига қарши кураш билан изоҳлади, йўқса бу ҳолат ички бозорда бензин ва дизел ёқилғиси кескин танқислигига олиб келиши мумкин. Вазирлар Маҳкамаси раҳбари журналистлар билан учрашувда шундай баёнот берди, деб ёзади Tengrinews.kz.
Смаиловнинг сўзларига кўра, Қозоғистон ёқилғи-мойлаш материаллари ишлаб чиқаришни кўпайтириш учун барча чораларни кўрмоқда. Хусусан, ўтган йили мамлакатда рекорд миқдорда – 5,2 миллион тонна дизел ёқилғиси ишлаб чиқарилган. Сўнгги беш йилда бензин ишлаб чиқариш 70 фоизга, дизел ёқилғиси ишлаб чиқариш 33 фоизга ўсган.
Шунга қарамай, республика ёқилғининг таннархи анча юқори бўлган бошқа давлатларга экспорт қилиниши туфайли тақчиллик хавфи остида. Бош вазир дизел ёқилғиси бўйича маълумотларни келтирди, унга кўра, бу турдаги ёқилғи-мойлаш материаллари Россияда 45 фоизга, Қирғизистонда 64 фоизга, Ўзбекистонда эса икки баробарга қимматроқ туради.
«Маълум бўлишича, арзон ёқилғиларимиз миллий манфаатларимизга зиён етказган ҳолда қўшни давлатлар иқтисодига фойда келтирмоқда, Шунинг учун ёқилғи-мойлаш материаллари бозоридаги вазиятни барқарорлаштириш учун нархлардаги фарқни камайтириш керак», — дея хулоса қилди Смоилов.
Бош вазир Қозоғистонда аҳоли жон бошига дизел ёқилғиси истеъмоли энг юқори – йилига 370 литр эканлигини таъкидлади. Масалан, Россияда бу кўрсаткич 225 литр, Қирғизистонда 98, Ўзбекистонда 44 литрни ташкил этади.
Шу билан бирга, Смаиловнинг сўзларига кўра, ёқилғи истеъмоли даражаси ўсишда давом этмоқда – март ойида у 2022 йилнинг шу ойидаги маълумотларга нисбатан 15 фоизга ошган.
«Шу нуқтаи назардан, жорий йилда нархлардаги номутаносиблик камайтирилмаса, республикада 850 минг тоннагача етишмовчилик юзага келиши мумкин», — дея башорат қилди Бош вазир.
Унинг қўшимча қилишича, ўзгаришлар қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига таъсир қилмайди, улар учун дизел ёқилғиси нархи ўзгаришсиз қолади – литри учун 204 тенге (0,45 доллар).
Бир кун аввал бензин ва дизел ёқилғиси нархи ошиши ҳақида Қозоғистон Энергетика вазири вазифасини бажарувчи Болат Акчулаков маълум қилганди. У қуйидаги рақамларни келтирди:
✅ АИ-92 ва АИ-93 бензинлари 11 фоизга – ҳудудга қараб 182-187 тенгедан (0,40 доллар) литри учун 205 тенгега (0,45 доллар) қимматлашади;
✅ Дизел 20 фоизга қимматлашади — литри 230-260 тенгедан (0,55 доллар) 295 тенгега (0,65 доллар).
Ақчулаковнинг аниқлик киритишича, қарор қабул қилиш механизмига кўра, вазирликнинг тегишли буйруғи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар веб-сайтида муҳокама учун жойлаштирилади. Унга кўра, янги нархлар тахминан 12 апрелдан кучга киради.