Олмаота вилояти полиция бошқармасининг собиқ бошлиғи Серик Кудебаев ҳукм чиқарилгунга қадар Қозоғистондан қочиб кетган, у халқаро қидирувга берилди, деб хабар беради Informburo Жетису вилоят суди судясига таяниб.
«Қирғизистон чегара хизматидан олинган прокурор маълумотларига кўра, Кудебаев 23 март куни «Манас» аэропортидан (Бишкек) Истанбулга учиб кетган. Судланувчининг кейинги ҳаракатланишига йўл қўймаслик учун Кудебаевни халқаро қидирувга бериш ва унга нисбатан эҳтиёт чорасини қамоққа ўзгартириш керак», — деди судя Абдилла Умбетай.
58 ёшли полиция генерал-майори Серик Кудебаев Қозоғистон Жиноят кодексининг 362-моддаси 2-қисми («Мансаб ваколатларни суиистеъмол қилиш») бўйича айбланмоқда.
2022 йил январида оммавий тартибсизликлар сабабли Олмаота шаҳри, Олмаота ва Манғистау вилоятларида фавқулодда ҳолат жорий этилганидан кейин Кудебаев Олмаота вилояти коменданти этиб тайинланган эди. Тергов маълумотларига кўра, Кудебаев ўзи қўриқлаши керак бўлган бўлим биносидан қуролланган қўриқчилар билан чиқиб кетган. Натижада тартибсизлик иштирокчилари бинони эгаллаб, ундаги қуролларни ўғирлаб кетишган.
Ўтган йил апрель ойи охирида Серик Кудебаев Олмаота вилояти полицияси бошлиғи лавозимидан ўз хоҳиши билан истеъфога чиққан эди. Ўша йилнинг май ойида у январь воқеалари иши бўйича гумонланувчи сифатида тан олинган. Кудебаев иши бўйича суд жараёни шу йилнинг январь ойи бошида бошланган. Айблов томони айбланувчига тўққиз йил қамоқ жазосини сўраган. Ҳукм 10 март куни эълон қилиниши режалаштирилган, бироқ Кудебаев касалхонага ётқизилган, шундан сўнг мажлис бир неча марта қолдирилган.
Суд жараёнида генерал-майор уй қамоғида бўлган. 3 апрель куни у аввалги суд мажлисларига келмагани учун судга мажбуран олиб келиниши керак бўлган.
ℹ️ Эслатиб ўтамиз, 2022 йил январ ойи бошида Қозоғистонда газ нархининг икки баравар ошиши фонида норозилик намойишлари бошланган ва бу тартибсизликларга айланган. Мамлакат президенти Қосим-Жомарт Тўқаев давлат тўнтаришига уриниш бўлганини эълон қилди ва КХШТдан ёрдам сўради. 7 январга келиб вазият барқарорлашди, 19 январдан бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат бекор қилинди. Тўполон натижасида ҳалок бўлганларнинг расмий рўйхатига 238 кишининг исми-шарифи киритилган.
Бир неча минг киши ҳибсга олинган. Кейинчалик уларнинг баъзилари қийноққа солингани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Ўтган йил февраль ойи охирида Бош прокуратура январь воқеаларидан кейин очилган қийноқлар ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш бўйича 203 та жиноят иши юзасидан жорий йилнинг апрелига қадар уларнинг 11 таси бўйича тергов-суриштирув ишлари олиб борилгани ҳақида хабар берди.
«Тергов натижаларига кўра, 84 нафар фуқарога нисбатан қийноқ қўллаган 35 нафар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари жиноий жавобгарликка тортилди.
9 киши ҳақиқий қамоқ жазосига ҳукм қилинди, қолганлари судланмоқда»,
— дея хабар берди Қозоғистон Бош прокуратураси. Ушбу ҳолатларнинг тафсилотлари келтирилмаган.