Толиблар Афғонистон ғарбида афюнни йўқ қилиш кампаниясини бошлади

Толиблар кўкнори далаларини вайрон қилишмоқда. TOLOnews сайти фотосурати

Афғонистон ғарбидаги Ҳирот вилоятида «Толибон»* радикал ҳаракати расмийлари кўкнори етиштиришга қарши кампания бошланганини эълон қилди. Бу ҳақда 30 март куни TOLOnews телеканали хабар берди.

«Турли ҳудудларда юзлаб гектар ерлар кўкнорилардан тозаланди, операциямиз давом этмоқда», — дея Ҳирот наркотикка қарши кураш бошқармаси раҳбари Ҳаятуллоҳ Руҳоний (Hayatullah Rouhani) сўзларидан иқтибос келтиради телеканал.

Ўрим-йиғим мавсуми бошланишига оз вақт қолганида кўкнори майдонларини йўқ қилиш кампанияси бошланди. Қайд этилишича, гиёҳванд моддаларни назорат қилиш бошқармаси ходимларига «Толибон» махсус кучлари ҳамроҳлик қилмоқда.

TOLOnews хабарига кўра, Ҳирот вилояти аҳолиси ҳукуматни муқобил экинлар етиштиришда ёрдам беришга чақирган.

Афғонистон ғарбидаги Ғор ва Бодғис, жануби-ғарбидаги Нимроз вилоятларида ҳам кўкнорини йўқ қилиш амалиётлари олиб борилмоқда.

Толиблар Афғонистонда 2021 йил августида ҳокимият қўлга киритилишининг бошиданоқ кўкнори етиштириш ва афюн тарқалишига қарши курашиш ниятини эълон қилишганди. Ўтган йил апрель ойида радикал ҳаракат Афғонистон бўйлаб кўкнори етиштиришни расман тақиқлаган эди. Бундай буйруқни ҳаракатнинг олий раҳбари Ҳайбатулла Охундзода берган.

Бироқ, 2022 йил охирида БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси маълум қилишича, толиблар даврида Афғонистонда кўкнори етиштириш 32 фоизга ошган ва 233 минг гектарни ташкил қилган. Бошқарма маълумотларига кўра, асосий экин майдонлари Афғонистоннинг жануби-ғарбий вилоятларида тўпланганулар кўкнори етиштириладиган умумий майдоннинг 73 фоизини ташкил этади, бу ерда ҳосилдорликнинг энг катта ўсиши кузатилган.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ