Тожикистонлик аёл аутизмга чалинган одамларни қўллаб-қувватлагани учун Торонто мэрияси мукофотига сазовор бўлди

Шаҳло Шарипова мэридаги тақдирланишдан сўнг. Ижтимоий тармоқлардаги ТPASN саҳифаси фотосурати

Тожикистонлик Шахло Шарипова ҳар йили Торонто мэрияси (Канада) томонидан тақдим этиладиган Agnes Macphail Award – Агнес Макфейл мукофоти лауреати бўлди. Бу ҳақда «Озоди» (РФда хорижий агент сифатида тан олинган «Озодлик» радиосининг тожик хизмати) хабар берди.

Торонтода доктор Шахло номи билан танилган Шахло Шарипова аутизмга чалинганларни қўллаб-қувватловчи Thorncliffe Park Autism Support Network (TPASN) етакчиси сифатида шаҳарга қўшган ҳиссаси учун тақдирланган.

«Шаҳло, шунингдек, ногиронлиги бўлган одамларни ҳам қамраб олиш ва тенг ҳуқуқлилик тарафдоридир. У янги кўчиб келган аёлларга Канада жамиятига жойлашишда ёрдам беради ва тадбирлар ташкил этиш орқали алоҳида эҳтиёжли болалари бор оилалар тармоғини қўллаб-қувватлайди. У лойиҳаларни бошқариш ва маблағ йиғиш бўйича катта тажрибага эга», — дейилади TPASN сайтида.

Жумладан, Шарипова эҳтиёжманд оилалар ва кексаларни озиқ-овқат ва зарур маҳсулотлар билан таъминлаш мақсадида маблағ йиғиш ишларини ташкил этади. Ҳар йили Рамазон ойида рўзадор мусулмонларга бепул иссиқ овқат етказиб бериш бўйича акция ўтказади. Пандемия даврида у алоҳида эҳтиёжли болалар, шунингдек, уларнинг ака-ука ва опа-сингиллари учун инклюзив лагерлар ташкил қилган. У ўз ватанини ҳам унутмайди: масалан, Тожикистонда аутизмга чалинган ёшларни иш билан таъминловчи ижтимоий кафе яратувчиларига асбоб-ускуналар билан ёрдам берган.

Шаҳло Шарипова глаукомани даволашга ихтисослашган офталмолог, тўрт фарзанднинг онаси. Оиласи 2009 йили Канадага кўчиб ўтган ва 2010 йилдан бери Торонтода истиқомат қилади. Шарипова ўғилларидан бири аутизмдан азият чекканлиги сабабли ҳижратга кетишга қарор қилган.

«Озоди» билан суҳбатда у Канададаги кўнгиллилар ташкилоти томонидан қўллаб-қувватланаётганларнинг кўпчилиги турли сабабларга кўра оила аъзоларига зарур ёрдам кўрсата олмайдиган ва кўпинча руҳий тушкунликка тушиб қолган муҳожирлар эканини таъкидлайди. Канада ҳукумати ва у ёрдам сўраб мурожаат қилган бошқа тузилмалар кўнгиллиларнинг барча сўровларини сўзсиз қондиради. Тожикистонда эса аутизмга чалинган болаларнинг ота-оналари фақат ўзининг кучига умид боғлаши мумкин.

ℹ️ Агнес Макфейл мукофоти 1994 йил январь ойида таъсис этилган. Мукофот ҳар йили қуйидаги йўналишлардан бири ёки бир нечтаси бўйича кўнгилли сифатида катта ҳисса қўшган биргина шахсга топширилади: аёллар ҳуқуқлари; кексаларга нисбатан адолатлилик; жиноий адлия тизими ва қамоқхона ислоҳоти; халқаро тинчлик ва қуролсизланиш; тегишли уй-жой, соғлиқни сақлаш ва таълим олиш имконияти. Лауреат медал ва эътироф сертификатига, шунингдек, Агнес Макфейл фондидан кўмак оладиган хайрия ташкилотини танлаш ҳуқуқига эга бўлади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ