Қозоғистон прокуратураси ноябрь ойида авария содир бўлган Риддер ИЭСда 240 та қоидабузарликни аниқлади

Риддер ИЭС. Видеодан кадр

Прокуратура томонидан Шарқий Қозоғистон вилояти Риддер шаҳридаги иссиқлик электр станциясида ўтказилган текширув натижасида 240 та қонунбузарлик ҳолати аниқланган. Бу ҳақда назорат органи матбуот хизмати хабар берди.

ИЭС раҳбарияти айнан нимада айбдор бўлгани айтилмаган. Фақат табиий монополиялар тўғрисидаги қонун бузилиши қайд этилган бўлиб, натижада тариф сметаси ва инвестиция дастуридан 548 миллион тенге (1,2 миллион доллар) миқдоридаги маблағ мақсадсиз сарфланган.

ИЭС 11 миллион тенгедан (24 минг доллар) ортиқ миқдорда маъмурий жаримага тортилган, қоидабузарликларни бартараф этиш бўйича буйруқлар берилган.

Прокуратура таклифига кўра, «Риддер ИЭС» компанияси томонидан 22 мингга яқин истеъмолчига иссиқлик энергияси етказиб берилмаганлиги ва сифати ёмонлашгани учун 63,3 миллион тенге (137,6 минг доллардан ортиқ) миқдорида қайта ҳисоб-китоб қилиш йўли билан зарар қопланган.

Риддер шаҳри аҳолиси 2023 йил 1 апрелдан 2024 йил 31 мартгача ИЭС хизматлари учун 18 фоизга пасайтирилган вақтинчалик компенсация тарифи бўйича тўлайди.

ℹ️ Ўтган йил ноябрь ойида Риддер иссиқлик электр станциясида йирик авария юз берган эди. 5 ноябрь куни кулни тозалаш тизимида насос ишламай қолган, бунинг натижасида 1-сонли қозон агрегатининг ёрдамчи ускуналари фавқулодда ўчирилган. 22 000 дан ортиқ абонент иссиқлик манбасиз қолган (жами шаҳарда 56 000 га яқин аҳоли яшайди). Риддерда техноген фавқулодда ҳолат эълон қилинган.

Жорий йилнинг январь ойида Риддер ИЭС иссиқлик энергетика соҳасида катта тажрибага эга инвесторлар томонидан сотиб олинди. Бироқ, Шарқий Қозоғистон вилояти ҳокими Даниал Ахметовнинг сўзларига кўра, станциянинг янги эгалари ускуналарни таъмирлаш ёки дебиторлик қарзларини тўлаш учун маблағ сарфламайди.

22 март куни иккита қозонхонада содир бўлган ёнғиндан сўнг ИЭСга ташриф буюрган Ахметов станция раҳбарлари «технологик қоидабузарликларга йўл қўйгани, муҳандислик назоратини ўтказмагани, бу эса оғир вазиятга олиб келганини» айтди.

«Бугундан бошлаб, менинг топшириғимга кўра, станцияда ўт ўчириш машинаси, авария гуруҳи, Риддер ҳокими ўринбосари ва саноат бошқармалари вакиллари навбатчилик қилади. Биз Риддер ИЭСнинг янги эгасидан умид йўқлигини кўриб турибмиз, шунинг учун мен кўраётган ягона вариантиссиқлик манбасини коммунал мулкка ўтказишдир»,деб таъкидлади Шарқий Қозоғистон вилояти раҳбари.

Эртаси, 23 март куни яна бир «технологик қоидабузарлик» қайд этилди: иссиқлик электр марказида кўмир чанги портлади. Қозоғистон Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, портлаш оқибатида 80 квадрат метр майдондаги ўраб турувчи конструкция вайрон бўлган.

«Ҳозирда ИЭС олтита қозонидан иккитаси ишлаб турибди. Қолган тўртта қозонхонада носозликларни бартараф этиш мақсадида таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Иситиш тармоғининг ҳарорати 70/46 даража жадвал билан 45/35 даражани ташкил этади», — дея қўшимча қилди Энергетика вазирлиги.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ