Буюк Британияда Афғонистонда махсус ҳаво хизмати (SAS) ходимлари томонидан содир этилган судсиз қатллар юзасидан тергов бошланди. Улар 50 дан ортиқ шундай ҳодисаларга алоқадорликда гумонланмоқда, деб ёзади The Guardian нашри.
Тергов Афғонистон жанубидаги Гилманд вилоятида 2010 ва 2011йиллари ҳалок бўлган 54 нафар тинч аҳолининг ўлимига SAS бўлинмаси аъзоларининг алоқадорлиги ҳақидаги маълумотлар пайдо бўлиши ортидан бошланган.
«Қонунни бузган ҳар қандай шахс тергов учун тегишли органларга топширилиши шарт», — дейди лорд-судя Хэддон-Кейв (Haddon-Cave) жиноятларда айбсиз бўлганлардан «шубҳаларни» олиб ташлаш зарурлигини таъкидларкан.
«Бу қуролли кучлар обрўси учун ҳам, мамлакат учун ҳам жуда муҳим», — деди судя.
Тергов давомида толиблардан далил олиш нияти, шунингдек, Афғонистондаги гувоҳлар билан мулоқот қилиш билан боғлиқ тўсиқлар ҳақида сўралганда, Хэддон-Кейв унинг жамоаси «қўлдан келадиган барча ишни» қилишини айтди.
Иш бўйича биринчи суд мажлиси 25 апрель куни Лондонда бўлиб ўтади. Мажлисда «кўпчилиги махфий бўлган минглаб ҳужжатлар»ни текшириш бошланади. Шундан сўнг Хэддон-Кейв таъбирича, ҳарбий амалиётлар ва Британия кучларининг Афғонистондаги ўрни ҳақида «дастлабки брифинглар» бўлиб ўтади.
Хэддон-Кейвнинг таъкидлашича, у имкон қадар кўпроқ мажлисларни омма олдида очиқ ўтказиш ниятида, аммо миллий хавфсизлик ва гувоҳларни ҳимоя қилиш зарурати баъзи жараёнларни ёпиқ эшиклар ортида ўтказишни талаб қилади. Жумладан, SAS каби махсус кучлар аъзоларининг кўрсатмалари ҳақида гап кетганда, судя тергов гуруҳидан бошқа ҳар қандай шахснинг суд мажлисида иштирок этишини «шубҳали» бўлишини айтди.