Иккинчи «Нукус иши» бўйича айбланувчиларнинг аксарияти 5 йилдан 11 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Иккинчи «Нукус иши» бўйича суд қарори эълон қилиниши. sud.uz сайти фотосурати

Бухоро вилоят суди биносида Нукусдаги оммавий тартибсизликлар бўйича иккинчи суд жараёни якунланди. 28 нафар айбланувчи 5 йилдан 11 йилгача озодликдан маҳрум этилди, яна 11 нафар айбланувчига эса 5 йилга озодликни чеклаш жазоси тайинланди, деб хабар қилди Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати.

17 март куни чиқарилган ҳукмга кўра, барча 39 судланувчи Жиноят кодексининг 244-моддаси 3-қисми («оммавий тартибсизликлар») бўйича айбдор деб топилган.

Иш бўйича айрим айбланувчилар Жиноят кодексининг уларга нисбатан қўлланилган бошқа моддалари — талончилик (166-модда), ўқотар қуролни қонунга хилоф равишда сақлаш (247-модда), жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи материалларни тарқатиш ёки намойиш қилиш (244-1 модда) ҳисобга олинган ҳолда жазоланган.

Энг оғир жазо11 йиллик қамоқ жазоси «Низам Устинлиги» юридик идораси ходими Оролбай Досназаровга берилди. Айбловга кўра, 2022 йил 27 июнь куни у Ўзбекистон Конституциясига киритилган ўзгартиришларга қўшилмаганлар мавзусида адвокатлар йиғилишини ўтказган, 1 июль куни эса намойишлар етакчиси Даулетмурат Тожимуратов ҳибсга олинганидан кейин у тергов изолятори олдида ҳибсга олинган шахсни озод қилишни талаб қилган одамларни йиққан.

Тадбиркор Омирбек Қурбонов 10,5 йилга ва ишсиз Дауранбек Раманов 9 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Яна олти нафар айбланувчи саккиз йил, икки нафари 7,5 йил, ўн бир нафари етти йил, беш нафари олти йил ва бир нафари беш йил қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Олий суднинг аниқлик киритишича, маҳкумлардан бири қаттиқ режимли колонияда, қолганлари жазони умумий режимдаги муассасада ўтайди.

Иккинчи «Нукус иши» бўйича 11 нафар айбланувчи, жумладан, «Эл хизматида» газетаси бош муҳаррири Абдималик Хўжаназаров ва «Ишонч» газетаси мухбири Эсимқон Қанаатов беш йилга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинган. Уларнинг барчаси суд залида ҳибсдан озод қилинган.

Бундан ташқари, суд содир этилган жиноятлар оқибатида етказилган 6,5 миллиард сўмдан зиёд (570 минг доллар) миқдордаги моддий зарарларни судланувчилардан солидар тартибда ундириш бўйича қарор чиқарган.

Нукусдаги тартибсизликлар бўйича иккинчи суд жараёни бўлиб ўтиши 6 февраль куни эълон қилинди, айбланувчилар курсисида 39 киши бор эди. Кейинроқ прокуратура иш бўйича 37 нафар айбланувчига 5 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум этишни, фақат икки нафар иштирокчига эса озодликни чеклаш тарзидаги жазони сўрагани маълум бўлди.

ℹ️ «Нукус иши» бўйича биринчи суд жараёни 28 ноябрдан 31 январга қадар бўлиб ўтди. Судда иштирок этган асосий шахс, «Эл хизматида» газетасининг 43 ёшли собиқ бош муҳаррири Даулетмурат Тажимуратов 16 йилга озодликдан маҳрум этилди ва у 228,8 миллион сўм (20,2 минг доллар) миқдорида товон тўлайди.

1-2 июль кунлари Қорақалпоғистонда оммавий тартибсизликлар бўлиб ўтди. Иштирокчилар Ўзбекистон Конституциясига республика суверенитетидан маҳрум қилишни назарда тутувчи ўзгартишлар киритишга қарши чиқдилар. Намойишлар Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Нукусга келиб, мазкур тузатишларни бекор қилишни талаб қилганидан сўнг якунланди.

Тартибсизликлар пайтида, расмий маълумотларга кўра, 21 киши ҳалок бўлган, 300 га яқин киши, жумладан, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва ҳарбийлар яраланган. Етказилган моддий зарар миқдори 6,6 миллиард сўмдан ортиқ (596 минг доллардан ортиқ) бўлган. Нукус воқеалари доирасида 171 нафар одамнинг иши кўрилмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ