Россиянинг «Урал энергетика қурилиш компанияси» (УЭҚК) Ўзбекистоннинг электр тармоқлари қурилиши билан шуғулланувчи «Электрқишлоққурилиш» корхонасининг 58,41 фоиз давлат улушини сотиб олди. Республика Давлат активлари агентлиги ҳузуридаги UzAssets инвестиция компанияси маълумотларига кўра, битим 93,2 миллиард сўмни (8 миллион доллардан ортиқ) ташкил этган.
«Электрқишлоққурилиш» акциядорлик жамиятининг назорат пакети 2021 йил ноябрь ойида сотувга қўйилган. Инвесторлардан еттита ариза келиб тушган. Мутахассислар томонидан уларнинг маъмурий, арбитраж ёки бошқа суд жараёнларига дахлдор эмаслиги ўрганилган.
Тендер иштирокчилари Европа Иттифоқи, АҚШ ва йирик халқаро молия институтларининг санкциялар рўйхатига киритилмаган.
Қайд этилишича, конкурс танловида маслаҳатчи сифатида Grant Thompson халқаро консалтинг компанияси ва Dentons юридик фирмаси жалб этилган.
UzAssetsнинг таъкидлашича, УЭҚК нарх параметрлари мустақил баҳолаш натижаларидан юқори бўлган энг яхши таклиф билан чиққан. Ўзбекистон давлат активларини бошқарувчи ташкилот келажакда россияликлар «Электқишлоққурилиш»нинг барқарор ривожланишини сақлаб қолишини ва корхонани турли кучланишли электр тармоқларини қуриш бўйича республикадаги энг йирик корхоналардан бирига айлантира олишини кутмоқда.
«Электрқишлоққурилиш» 1936 йили қишлоқ хўжалигини электрлаштириш трести сифатида ташкил этилган. 1998 йилда компания акциядорлик жамиятига айлантирилган. Бугунги кунда акциядорлик жамияти таркибига Наманган металл конструкциялари заводи, Қувасой темир-бетон буюмлари заводи, Тошкент шаҳридаги ишлаб чиқариш ва технологик асбоб-ускуналар бошқармаси ва бошқа активлар киради. Компания Марказий Осиёда кучланиши 500 кВ гача бўлган электр тармоқлари объектларини қуриш бўйича бош пудратчи ҳисобланади. Унинг портфелида «Лукойл», Hyundai Engineering, Hengyuan Group Co ва бошқа машҳур компаниялар лойиҳалари мавжуд.
УЭҚК — бу Екатеринбургда жойлашган компания бўлиб, ўтган асрнинг 40-йилларида пайдо бўлган. Компания Россия ва чет элларда электр таъминоти объектларини лойиҳалаш ва қуриш билан шуғулланади.