Афғонистоннинг Парвон вилояти маркази Чарикар шаҳридаги эркак тикувчиларнинг TOLOnews телеканалига маълум қилишича, улар Фазилат ва иллат вазирлиги (толиблар* томонидан ташкил этилган «ахлоқ полицияси») ходимларидан аёллар учун кийим тикишни тақиқлаш тўғрисида оғзаки буйруқ олганлар.
Тикувчиларнинг сўзларига кўра, энди улар устахона ва дўконларини ёпишга мажбур.
«10 минг афғон (тахминан 100 доллар) дўкон ижараси, ўқув харажатлари бор [янги ходимлар учун] ва биз барча харажатларимизни аёллар кийимларини тикиш орқали қоплардик», — деб тушунтиради Мухтор Секандарий (Mukhtar Sekandari).
Парвон вилоятидаги тикувчилар уюшмасининг билдиришича, бу минтақадаги тикувчиларнинг аксарияти толиблар чекловлари туфайли ишсиз қолишган, айримлари эса Афғонистонни тарк этишга мажбур бўлган.
«Аёллар учун кийим тикувчи барча тикувчилар ишсиз қолишди, баъзилари эса ҳатто Эронга кетишди», — дейди уюшма вакили Имомуддин (Imamuddin).
«Бизнинг дўконларимиз вайрон бўлиш арафасида, иш йўқ», — деб шикоят қилди бошқа бир тикувчи Муҳаммад Собир Қуддус (Mohammad Saber Qudous).
Бироқ, «Толибон»* радикал ҳаракати томонидан тайинланган маҳаллий амалдорлар тикувчиларнинг шикоятларини инкор этиб, тикувчиларга фақат айрим маслаҳатлар берилганини айтишади.
«Уларга кийим тикишга рухсат берилган ва улар учун ҳеч қандай муаммо йўқ, лекин Фазилат ва иллат вазирлиги уларга аёллардан шахсан ўлчам олишни тақиқлаган», — дейди Парвон ҳокимлиги Ҳикматуллоҳ Шамим (Hikmatullah Shamim).
Таъкидлаш жоиз, 2021 йил август ойида Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритгач, толиблар аёлларни жамият ҳаётининг турли соҳаларидаги иштирокини доимий равишда чеклаб келишган. Масалан, эндиликда уларнинг қариндошлари ёки эрлари ҳамроҳлигисиз олий ўқув юртларида ўқишлари, хорижий нодавлат ташкилотларда ишлашлари, ҳаммомларга боришлари, таксида юришлари тақиқланган. Кўпгина вилоятларда аёлларни ёки уларнинг эркак қариндошлари паранжисиз кўчага чиққани учун ҳибсга олинади.
Хотин-қизлар ҳуқуқларининг поймол этилаётгани «Толибон» ҳукумати дунёнинг ҳеч бир давлати томонидан ҳамон тан олинмаётганининг асосий сабабларидан биридир.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).