Эронда ўқувчи қизларнинг оммавий заҳарланишига алоқадор 100 дан ортиқ киши ҳибсга олинди. Бу ҳақда «Тасним» агентлиги Ислом Республикаси Ички ишлар вазирлиги баёнотига таяниб хабар берди.
Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, ҳибсга олишлар мактабларда заҳарланиш ҳолатлари бўлган мамлакатнинг 11 вилоятида амалга оширилган.
Терговнинг дастлабки маълумотларига кўра, айрим ҳодисалар «бузғунчиликдан» содир бўлган, бу ҳолатларда ёқимсиз ҳидли, аммо зарарсиз моддалар қўлланилган. Бироқ, кўплаб оммавий заҳарланишлардан мақсад «фуқаролар ва талабалар ўртасида қўрқув ва даҳшат муҳитини яратиш, қизлар мактабларини ёпиш»дан иборат бўлган.
«Ушбу жиноятчилар устидан, шу жумладан, уларнинг террорчилик ташкилотларига алоқадорлиги борасида тергов ишлари олиб борилмоқда», — дейилади ИИВ хабарида.
Эслатиб ўтамиз, сўнгги уч ой давомида ўқувчи қизлар орасида юзлаб нафас етишмовчилиги ҳолатлари қайд этилган. Сўнгги заҳарланиш тўлқини ғарбий Ҳамадон вилоятида, шунингдек, Эрон шимоли-ғарбидаги Занжон ва Ғарбий Озарбайжон, мамлакат жанубидаги Форс ва шимолдаги Алборз вилоятида содир бўлган. Заҳарланганларнинг аксарияти ўрта ва юқори синф ўқувчилари бўлган.
3 март куни Эрон президенти Иброҳим Раисий ўзининг разведка ва ички ишлар вазирларидан заҳарланиш ҳолатларини текширишни сўраганини айтиб, буни «халқ орасида қўрқув ва умидсизлик уйғотиш учун душман фитнаси» деб атаган.
Ўтган йил сентябрь ойи ўрталарида бошланган ва қарийб уч ой давом этган норозилик акцияларида ўқувчи қизлар фаол иштирок этганини қўшимча қиламиз. Шу тариқа, аёллар энди, де-факто, йирик шаҳарларда ҳижоб кийиш мажбуриятига риоя қилмасликка муваффақ бўлишди. Намойишларнинг бостирилиши натижасида бир неча юз киши ҳалок бўлган, 10 мингдан ортиқ киши ҳибсга олинган. Уларнинг аксарияти ҳозир озод қилинган.