ИШИД Мозори Шарифда юз берган портлаш учун жавобгарликни ўз зиммасига олди

«ТЕБИЯН» МАДАНИЯТ МАРКАЗИ 11 МАРТДАГИ ПОРТЛАШДАН СЎНГ. ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАРДАН ОЛИНГАН ФОТОСУРАТ

11 март куни Мозори Шарифда бўлиб ўтган матбуот тадбирида юз берган портлаш учун масъулиятни «Ироқ ва Шом ислом давлати» (ИШИД)* террорчилик гуруҳи ўз зиммасига олди. Бу ҳақда «Ал-Жазира» телеканали террорчиларнинг ахборот ресурсларига таяниб хабар берди.

Эслатиб ўтамиз, қўлбола портловчи қурилманинг портлаши (дастлаб хабарларда худкуш ўзини портлатгани ҳақида хабар берилганди) Эроннинг «Тебиян» маданият марказида журналистлар, маҳаллий расмийлар ва бир неча дин арбоблари йиғилган вақтда содир бўлганди. Натижада, расмий маълумотларга кўра, маданият маркази қоровули ҳалок бўлган, бешта журналист ва учта бола жароҳатланган.

Ўз навбатида Afghanistan Journalists Center теракт оқибатида жароҳатланган 16 нафар ОАВ ходимлари рўйхатини эълон қилди. Қайд этилишича, улардан баъзиларининг аҳволи оғир, қаттиқ жароҳат олишган.

Портлаш билан боғлиқ баёнотда ИШИДга алоқадор ахборот агентликлари ҳужум «ИШИДга қарши уруш ва ташвиқотда иштирок этган ахборот агентликларида ишлайдиган» журналистларга қарши қаратилганини айтди.

Эслатиб ўтамиз, 9 март куни маъмурий маркази Мозори Шариф бўлган Балх вилояти губернатори қароргоҳида ИШИДнинг афғон бўлимига алоқадор худкуш-террорчи ўзини портлатиб юборганди. Натижада Балх губернатори Муҳаммад-Довуд Музаммил вафот этган. У 2021 йил августида «Толибон»* радикал ҳаракати ҳокимиятни эгаллаб олганидан кейин ИШИД террорчилари томонидан ўлдирилган энг юқори мартабали амалдорга айланди.

*Юлдузча билан белгиланган ташкилотлар Россия ва кўпгина давлатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).