2021 йил августидан буён Афғонистонда ҳокимиятни назорат қилаётган «Толибон»* радикал ҳаракати эрлари зўровон ёки гиёҳванд бўлган афғон аёлларининг бир томонлама ажрашишларини бекор қилади. Бу ҳақда The Washington Post нашри хабар берди.
Нашр журналистлари эрлари олдига қайтишга мажбур бўлган бир неча аёллар билан суҳбатлашишга муваффақ бўлишган. Уларнинг барчаси турмушга чиқишга мажбур қилинган, баъзилари эса ўша пайтда вояга этмаган ёшда бўлишган. Турмуш қурганларидан сўнг улар эрлари томонидан озми-кўпми таҳқирланган, баъзилари наркоман эрлари билан яшашга мажбур бўлганлар.
Натижада, нашр суҳбатдошлари бир томонлама ажрашиш тўғрисида қарор қабул қилишган — эрларининг розилигисиз, авваллари Афғонистонда шундай ажрашиш мумкин бўлган. Бироқ, кейинчалик толиблар ҳокимият тепасига келгач, бу ажралишлар бекор қилинди, аёллар эрларининг соғлиғи ва ҳаётига таҳдид солаётганига қарамай, зўравон эрлари олдига қайтишга мажбур бўлишган.
Афғонистоннинг собиқ ҳукумати даврида ишлаган судялар ва адвокатларнинг ҳисоб-китобларига кўра, илгари турмуш ўртоғининг розилигисиз ажрашган минглаб аёллар ажрашганликни бекор қилишдан бош тортсалар ва собиқ эрларига қайтмасалар, уларни қамоқ ва репрессия хавфи кутиши мумкин.
«Афғонистондаги никоҳ қонунларига киритилган ўзгаришлар толибларнинг аёлларни ўз ҳуқуқларидан қандай маҳрум қилаётганининг яна бир даҳшатли мисолидир. Толиблар, шунингдек уларнинг таълим олиши ва ишлашини кескин чеклади, истироҳат боғларига киришини тақиқлади ва ўта консерватив кийимларга бурканишга мажбур қилишди», — деб таъкидлайди The Washington Post.
Қўшимча қилиш лозим, «Толибон» режими томонидан аёллар ҳуқуқларининг поймол этилаётгани радикаллар ҳукуматининг ҳалигача дунёнинг бирорта давлати томонидан тан олинмаётганига сабаб бўлмоқда. Бироқ, шу билан бирга, бир қатор давлатлар гуманитар ва иқтисодий сабабларга кўра, шунингдек ўз хавфсизлиги манфаатларини кўзлаб толиблар билан фаол ҳамкорлик қилишмоқда.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).