Афғонистон Тиббиёт кенгаши ўз режасини тасдиқлаганидан сўнг «Толибон» * радикал ҳаракати томонидан тузилган ҳукумат қизларга ҳозирда тақиқланган тиббиёт университетларида якуний имтиҳон топширишга рухсат беришини айтди. Бу ҳақда 6 март куни TOLOnews телеканали хабар берди.
Кенгашнинг техник маслаҳатчилари режани аллақачон толиблар ҳукуматига жўнатишганини айтишган.
«Ушбу режа тасдиқлангач, биз яқинда битирган [қиз] шифокорларнинг [якуний] имтиҳонларини қабул қилишга тайёрмиз», — дейди кенгашнинг техник маслаҳатчиларидан бири Аҳмад Шоҳ (Ahmad Shah).
Тиббиёт факультетида таҳсил олаётган Фарнош (Farnosh) исмли талабанинг телеканалга айтишича, кўп йиллик ўқишдан сўнг, энди битирув имтиҳонига кириш ташвиши бор.
«Бу шунчаки шифокорлар учун имтиҳон эмас, бу бизнинг келажагимиз ва карьерамиз сари йўлдир. Агар топширмасак, аёл шифокорларнинг иши, таълим-тарбияси шу билан тугайди», — дейди Фарнош.
Айни пайтда битирув имтиҳонларини топшираётган эркак талабалар ҳам Афғонистон Тиббиёт кенгаши режасини ҳукумат маъқуллашини талаб қилмоқда.
«Биз [толиблар ҳукуматидан] аёл шифокорларга имтиҳон топширишларига рухсат беришларини сўраймиз, токи уларнинг тақдири қилган барча саъй-ҳаракатларидан сўнг ҳал бўлсин», — дейди тиббиёт битирувчиси Фероз (Feroz).
Декабрь ойининг иккинчи ярмида Афғонистоннинг амалдаги расмийлари қизларнинг олий ўқув юртларида ўқишини тақиқловчи фармон чиқарганди, гарчи бундан уч ой олдин университетларга кириш имтиҳонлари ўтказилган ва минглаб аёллар ўқишга кирган бўлсаларда. Толиблар, шунингдек афғон аёлларига хорижий нодавлат ташкилотларда ишлашни ҳам тақиқлашган.
Шу билан бирга Афғонистонга қўшни давлатлар ўз ҳудудида афғон қизларининг таълим олиши учун шароит яратиб бермоқда. Жумладан, Қозоғистон Европа Иттифоқи билан биргаликда афғон аёлларига мамлакат университетларида таълим олиш имконини берувчи дастурни қайтадан бошлади. Ўзбекистонда эса мамлакатда яшовчи афғонларга янги билим ва кўникмалар берадиган, уларнинг моддий аҳволини яхшилаш ва оиласини қўллаб-қувватлашга хизмат қиладиган Европа Иттифоқининг Таълим маркази очилди.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).