Хитойнинг Yutong Bus компанияси Тошкентга 300 та электр автобуси ва суюлтирилган газда ҳаракатланувчи 500 та автобус жўнатишини маълум қилди. Транспорт воситаларининг биринчи партиясини жўнатиш тантанали маросимидан фото ва видеолар ишлаб чиқарувчининг Facebook (РФда экстремистик деб тан олинган Meta копрациясига тегишли тармоқ) даги саҳифасида эълон қилинган.
Ушбу материаллардан кўриниб турибдики, электробуслар кумуш рангга, автобуслар эса оқ чизиқлар билан яшил рангга бўялган, бу эса Тошкент шаҳридаги жамоат транспортининг ушбу тури учун «бренд» ҳисобланади.
Хитой компанияси Ўзбекистон пойтахтига автобусларни бир неча партияда жўнатмоқчи эканликларини таъкидлади, бироқ уларнинг ҳар бирида нечтадан машина бўлиши номаълум.
Штаб-квартираси Чжэнчжоу шаҳрида жойлашган Yutong Bus автобусларни лойиҳалаш, ишлаб чиқариш ва сотишга ихтисослашган Yutong Groupнинг асосий филиали ҳисобланади. Корхона ишлаб чиқариш кўлами ва сотиш самарадорлиги бўйича соҳада етакчилардан бири ҳисобланади. Yutong Bus Хитой бозорининг 30% ва жаҳон бозорининг 10% дан ортиғини назорат қилади.
Жорий йилнинг февраль ойида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «Жамоат транспортини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолаган эди. Ҳужжатда қайд этилишича, республика Хитойнинг Xiamen King Long United Automotive Industry ва Yutong Bus компанияларидан 200 дона ўн саккиз метрли («аккордеон») автобуслар, 500 дона ўн икки метрли табиий газда юрадиган автобуслар, Тошкент шаҳри учун 300 дона ўн икки метрли электроавтобуслар, шунингдек Нукус шаҳри ва вилоят марказлари учун 1000 та автобус харид қилади.