Жапаров Қирғизистоннинг ҳар бир қишлоғини аниқ бир маҳсулот ишлаб чиқаришга ихтисослаштириш бўйича топшириқ берди

Бишкекдаги EXPO Made in Kyrgyzstan кўргазмаси, 2016 йил. kaktus.media сайти фотосурати

Қирғизистон президенти Садир Жапаров «Бир қишлоқ – бир маҳсулот» (БҚБМ) миллий иқтисодий лойиҳасини ишга тушириш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.

«Қирғизистон Республикасининг ҳар бир қишлоғи, шаҳри, тумани, вилояти экспортга йўналтирилган ўзининг тор ихтисослигига эга бўлиши ва бизнесни бошқариш самарадорлигини ошириш учун ҳамкорлик қилиши керак»,дея таъкидлайди матбуот хизмати лойиҳа моҳиятини тушунтирар экан.

БҚБМ мамлакатнинг маълум бир минтақасини ифодаловчи маҳаллий ресурслардан юқори сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўз ичига олади. Лойиҳанинг тамойиллари қуйидагилардан иборат:

▶️ «ўзига ишонч ва ижодкорлик»;

▶️ «инсон ресурсларини ривожлантириш»;

▶️ «локал ўйлаб, глобал ҳаракат қилиш».

«Бир қишлоқ – бир маҳсулот» лойиҳаси Японияда ишлаб чиқилган бўлиб, ушбу мамлакат аҳолиси фаровонлигини оширишга катта ҳисса қўшган. Қирғизистонда 2010-йилларнинг бошидан Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) кўмагида Иссиқкўл вилоятида БҚБМ синовдан ўтказилди.

Вилоятда «БҚБМ» уюшмаси ташкил этилган бўлиб, унинг аъзолари юзлаб турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқармоқда. Улар ҳунармандчилик, ёввойи резаворлар ва қуритилган мевалардан мураббо ва шарбатлар ишлаб чиқариш, асаларичилик ва сут маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Маҳсулотлар Япония, Хитой, АҚШ ва Қозоғистонга экспорт қилинади.

БҚБМ лойиҳаси доирасида истиқболли маҳсулотларни танлаб баҳолашни амалга оширувчи Иссиқкўл бренд қўмитаси тузилди. «Иссик-Кул Бранд» савдо белгиси БҚБМ доирасида ишлаб чиқарилган маҳсулотларга берилади ва «юқори сифат, қиймат ва мукаммаллик, шунингдек, маҳсулотларнинг ўзига хос дизайни ва таъми кафолати» ҳисобланади.

Иссиқкўллик ишлаб чиқарувчилар тажрибасини бутун мамлакатга ёйишга қарор қилинди.

««Бир қишлоқ бир маҳсулот» лойиҳасининг сифат жиҳатидан кенгайиши ва маҳсулот ишлаб чиқарилган пайтдан то якуний истеъмолчи томонидан сотиб олингунга қадар илгари сурилиши Қирғизистон Республикаси иқтисодиётининг мультипликатив ўсишига олиб келади»,деб ҳисоблайди мамлакат ҳукумати.

Садир Жапаров ҳукуматга «Қирғизистонда ишлаб чиқарилган» (Made in Kyrgyzstan) миллий брендини яратиш бўйича топшириқ берди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ