Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари Олмаотада қозоғистонлик журналистларга ҳужумлар уюштирганликда гумон қилинган «малакали хакер» О.Токаревни қўлга олди, деб хабар берди республика ИИВ матбуот хизмати.
Вазирлик қўлга олинган шахс хорижлик эканини қўшимча қилди, бироқ унинг фуқаролигига аниқлик киритмаган. Гумонланувчи вақтинчалик сақлаш изоляторига жойлаштирилган.
Операция давомида ҳужумларни назорат қилиш, аноним Телеграм каналларида «буюртмалар»ни жойлаштириш ва ушбу ҳаракатларни амалга оширувчилар хизматларига ҳақ тўлаш учун фойдаланилган ускуналар олиб қўйилган.
Тергов маълумотларига кўра, гап автомобилларга ўт қўйиш, журналистлар ва уларнинг яқинларига таҳдидлар қилиш, DDoS- ҳужумлар ва ҳоказолар ҳақида бормоқда.
О.Токарев бошчилигидаги ҳужумчилар гуруҳи Вадим Борейко, Гулнора Бажкенова, Гулжан Ергалиева, Самал Ибраева ва бошқа ОАВ вакилларига қарши 30 дан ортиқ провокациялар уюштиришган.
«Жиноий гуруҳ ҳужумларидан мақсад Қозоғистон Республикаси Президентини ва у амалга ошираётган демократик ислоҳотларни обрўсизлантириш мақсадида ОАВ вакилларига таъқиблар бўлаётганини имитация қилиш бўлган», — дейилади ИИВ баёнотида.
Аввалроқ, 21 февраль куни Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги журналистларга нисбатан ноқонуний ҳаракатлар содир этганликда гумонланиб, 18 киши қўлга олингани ҳақида хабар берганди. Полиция томонидан «Таҳдид», «Шахсий ҳаётга оид маълумотларни тарқатиш», «Журналистлик фаолиятига тўсқинлик қилиш», «Ўзганинг мулкини қасддан йўқ қилиш» ва «Безорилик» моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Вазирлик маълумотларига кўра, 2022 йил сентябридан шу йилнинг 20 февралига қадар Олмаота ва Остона шаҳарларида олти нафар журналист ва блогерга, шунингдек, уларнинг фаолияти билан боғлиқ шахсга ҳужумлар уюштирилган.