Қозоғистонга меҳнат қилаётган меҳнат муҳожирлари асосан Хитой, Ҳиндистон ва Туркиядан келган фуқаролардир. Бу ҳақда 27 февраль куни Қозоғистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги хабар берди.
Ҳозир Қозоғистонда Хитойдан 3411 нафар, Ҳиндистондан 1693 нафар, Туркиядан 1615 нафар, Буюк Британиядан 1104 нафар, Ўзбекистондан 391 нафар фуқаро, шунингдек, дунёнинг бошқа давлатларидан келган муҳожирлар меҳнат қилишмоқда.
Қозоғистонда жами 13 496 нафар чет эл фуқаролари маҳаллий ижро ҳокимияти органлари рухсатномалари асосида меҳнат қилишмоқда. 2023 йили чет эл ишчиларини жалб қилиш квотаси 22 226 кишини ташкил этади.
1 февраль ҳолатига кўра, хорижий ишчи кучини жалб қилиш учун рухсатномалар (ХИЧ) қаторига қуйидаги тоифалар киритилган:
👉 Раҳбарлар ва уларнинг ўринбосарлари учун 570 та рухсатнома (биринчи тоифа);
👉 3000 — таркибий бўлинмалар раҳбарлари учун (иккинчи тоифа);
👉 7388 — мутахассислар учун (учинчи тоифа);
👉 883 — малакали ишчилар учун (тўртинчи).
«Шунингдек, 217 киши мавсумий ишларга жалб қилинган, 1438 киши эса корпоратив трансфер доирасида», — дея қўшимча қилади Меҳнат вазирлиги.
Қозоғистонда чет эл ишчи кучидан 1645 нафар иш берувчи фойдаланади. Меҳнат муҳожирларининг асосий қисми қурилишда – 5458 киши (42%), тоғ-кон саноатида – 1879 киши (11%), қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалигида – 1733 киши (4%), ишлаб чиқариш саноатида – 1641 киши ( 7%) фаолият юритади. Қозоғистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги хулосасига кўра, 1057 нафар хориж фуқароси (8%) касбий, илмий ва техник фаолият билан шуғулланади.