АҚШ ҳукумати покистонлик ака-ука Абдул (Abdul) ва Муҳаммад Раббоний (Mohammed Rabbani) ларни Гуантанамодаги ҳарбий қамоқхонадан 20 йилдан сўнг ҳеч қандай айбловларсиз озод қилди. Бу ҳақда 24 февраль куни «Ал Жазира» телеканали хабар берди.
53 ёшли Абдул ва 55 ёшли Муҳаммад Раббоний АҚШ расмийлари томонидан Кубадаги қамоқхонадан ватани Покистонга кўчирилди.
АҚШ Мудофаа вазирлиги маълум қилишича, Гуантанамо қамоқхонасида ҳамон 32 маҳбус сақланмоқда. Жо Байден маъмурияти айни дамда Гуантанамода сақланаётган маҳбуслар сонини қамоқхонани ёпиш ҳаракатлари доирасида камайтиришга ҳаракат қилмоқда.
Қамоқхона 2002 йили АҚШ президенти Жорж Буш даврида Афғонистонда террорчилик ташкилотларига қарши операция бошланганидан сўнг ташкил этилган. Ҳарбий-денгиз базаси ҳудудида ташкил этилган ушбу қамоқхонага Афғонистондаги ҳарбий ҳаракатлар ва бошқа мамлакатлардаги махсус рейдлар пайтида асирга олинган шахслар юборилган. Барча маҳбуслар АҚШ ҳарбийлари томонидан террорчилик фаолиятига алоқадорликда гумон қилинган ёки айбланган. Бироқ, кўп йиллик қамоқ муддати давомида ҳеч қачон расмий айбловлар қўйилмаган.
Авваллари Гуантанамо қамоқхонасида 800 га яқин маҳбус сақлананган. Мазкур қамоқхонаги маҳбуслар аслида қонуний бўшлиқ ҳолатида ушлаб турилган. Кичик Буш ўрнига келган Барак Обама инаугурациясидан икки кун ўтиб – 2009 йил 22 январда махсус қамоқхонани 12 ой ичида ёпиш ҳақидаги фармонни имзолади. Шунга қарамай, Гуантанамо лагери ҳамон мавжуд ва у ҳуқуқ ҳимоячиларининг Вашингтонни кескин танқид қилишларига сабаб бўлмоқда.
Қўшимча қилиш лозим, ўз вақтида «Толибон»* радикал ҳаракатининг бир қатор амалдорлари Гуантанамода сақланган, улар 2018 йили озод этилганидан кейин Қатар пойтахти Доҳада радикаллар ва АҚШ вакиллари ўртасидаги тинчлик музокараларида қатнашган. Кейинчалик, толиблар Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритгач, Гуантанамодаги собиқ маҳбусларнинг бир қисми «Толибон» сиёсий режими тузилмасида муҳим ўринларни эгаллаган. Шундай қилиб, собиқ маҳбус Абдул-Хак Васик разведка бўлимини бошқарди.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).