Қозоғистонлик журналист Михаил Козачков 2022-йил 18-декабрдан бери сақланаётган Олмаота тергов изоляторидан уй қамоғига ўтказилди. Бу айбловларнинг ўзгариши, хусусан, журналистнинг тавбаси туфайли давлат сирларини ошкор қилиш бўйича иш тугатилганлиги сабабли содир бўлди, деди Козачков ўзининг Facebook (РФда экстремистик деб тан олинган Meta копрациясига тегишли тармоқ) саҳифасида.
Унинг аниқлик киритишича, 18 феврал шанба куни суд эҳтиёт чорасини ўзгартирганидан кейин у уйига қайтган.
«Барча тафсилотларни ошкор қила олмайман, лекин мен гумондор сифатида ўтган моддалар рўйхати сезиларли даражада қисқарди. Масалан, тавба қилганим сабабли, мен ноқонуний равишда ошкор қилган давлат сирларини ошкор қилиш бўйича иш тугатилди», — деб ёзади журналист.
Козачковнинг сўзларига кўра, тергов унинг ўз материаллари учун маълумот тўплаш ва чоп этишда бир неча бор қонунни бузганини ҳам исботлаган.
«Журналистика суриштируви билан шуғулланиб, доимий равишда янги маълумот излаш ортидан сиз доимо жар ёқасида юрасиз. Ва шундай бўлдики, мен бир нечта одамларнинг шахсий маълумотларини ноқонуний равишда тўпладим ва тарқатдим», -деб тан олади жиноий ишда иштирок этган шахс.
Журналист жавобгарликни ўз зиммасига олишга тайёрлигини ва суднинг рози бўлишига умид қилишини айтди. Шу билан бирга, у ўз қилмишларидан жабр кўрганлар: Алмас, Ольга ва Олтой Абдигаппаровлар, Зарина Акшолакова ва Азим Абдуллаевлар ҳамда уларнинг оила аъзоларидан очиқчасига узр сўради.
«Мен бу фуқароларнинг ҳам журналист, ҳам шахс сифатида ҳуқуқларини поймол қилганимни тан оламан. Мен аллақачон зарарни қопладим ва умид қиламанки, улар менга нисбатан адоват қилишмайди», — дея хулоса қилади Козачков.
Михаилнинг айтишича, тергов изоляторида бўлган пайтида у қизиқарли ва яхши одамлар билан учрашган, «ҳаётнинг бошқа томонини кўрган».
«Мен 14-15 йил ўрнига, 11 йиллик қамоқ жазосини олган йигитларнинг қанчалик қувонганини кўрдим. Ёки ўйинчоқ ўғирлаганликда гумон қилинаётган меҳрибонлик уйи тарбияланувчисининг хафа бўлганини кўрдим: унинг ишидаги зарар 200 минг тенгега (тахминан 450 доллар. – «Фарғона» изоҳи) ўсиб кетган, у бундай пулни қаердан ҳам топади? Қотиллик учун ҳукмни кутаётган ўта касал одамни қандай сўз билан овунтиришни билмасдим. Бир сўз билан айтганда, бўлажак мақолалар учун материаллар кўп», — дейди журналист ўз таассуротлари билан ўртоқлашар экан.
«Время» газетаси ходими Михаил Козачков 18 декабрь куни қўлга олинган. У Коспаевнинг уюшган жиноий гуруҳи билан рейдерлик ҳаракатларида иштирок этганликда гумон қилинмоқда.
Икки кундан кейин суд тергов давомида журналистни икки ойга ҳибсга олди. 2023 йил январь ойи охирида ушбу профилактика чораси 18 мартгача узайтирилган эди.