Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ) инспекторлари ўтган ҳафта Эрон уранни 84 фоизга бойитишга эришган деган хулосага келдилар. Бу ҳақда ўз манбаларга таяниб, Bloomberg агентлиги хабар берди.
Бу Эронда қайд этилган уранни бойитишнинг энг юқори даражаси эканлиги таъкидланган.
Таъкидлаш жоиз, ядро қуролини яратиш учун уранни 90 фоизгача бойитиш лозим бўлади.
Энди МАГАТЭ экспертлари Эрон уранни бойитиш бўйича рекорд даражага эришганми ёки бу центрифугаларни туташтирувчи қувурларда «беихтиёр ёқилғи тўпланиб қолгани» сабабли содир бўлганини аниқлаши керак бўлади.
Февраль ойи бошида МАГАТЭ бош директори Рафаэль Гросси Фордо ядровий иншоотида кутилмаган текширув чоғида 60% бойитилган уран IR-6 центрифугаларининг икки каскади ўртасида қайд этилмаган ўзгаришлар аниқлангани ҳақида маълум қилди. Унинг иддао қилишича, эронликлар агентликни олдиндан огоҳлантирмасдан ёқилғини бойитиш заводи лойиҳасига жиддий ўзгартиришлар киритишган.
Буюк Британия, Германия, АҚШ ва Франция МАГАТЭ ҳисоботидаги маълумотлардан хавотир билдирди. Давлат департаменти матбуот хизмати томонидан эълон қилинган қўшма баёнотда уларнинг вакиллари
«Эроннинг Фордо заводида бойитилган уран ишлаб чиқариши [ядро қуролини] тарқатмаслик режими учун жиддий хавф туғдиради ва фуқаролик эҳтиёжлари важи билан оқланмайди», дея таъкидладилар.
Эрон Атом Энергияси Ташкилоти вакили Беҳруз Камолвандийнинг айтишича, МАГАТЭнинг Фордо объектида уранни 60 фоизгача бойитиш ҳақидаги ҳисоботи эскирган маълумотларга ва агентлик инспекторларидан бирининг нотўғри хулосасига асосланган.