Қирғизистон Энергетика вазирлиги одатдаги тариф бўйича электр энергияси истеъмоли лимитини ойига 700 дан 1500 кВт/соатгача оширишни таклиф қилди. Тариф сиёсатига ўзгартиришлар ҳукумат қарори лойиҳасида белгиланиб, жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Лойиҳада электр энергияси тарифини 1 майдан бошлаб бир кВт/соатга (ҳозир – 0,77 сўм) 1 сўмга ошириш, лимитдан ошиб кетган тақдирда эса бир кВт/соат учун 2,16 сўм ундириш таклиф қилинмоқда.
Баланд тоғли ҳудудларда ва бориш қийин бўлган чекка ҳудудларда яшовчи маиший истеъмолчилар бундан истисно – улар электр энергиясини бир кВт/соат учун 1 сўм миқдорида чекловсиз истеъмол қилишлари мумкин бўлади.
Тарифлар ҳар йили ўтган йил ҳақиқий инфляцияси даражасига мослаштирилади.
16 ёшга тўлмаган болалари бўлган ва «уй-булого бир комок» давлат нафақасини олувчи кам таъминланган фуқаролар (оилалар) учун ойига 1500 кВт/соатгача истеъмол қилинганда тариф 0,5 сўмни ташкил этади.
Насос станциялари 1,24 сўм (ҳозирда 1,09 сўм) тўлайди.
Шаҳар троллейбус деполари, шунингдек, электр транспортидан (троллейбуслар ва электробуслар) фойдаланадиган йўловчи автотранспорт корхоналари учун тариф солиқларни ҳисобга олмаган ҳолда 1,68 сўмдан 1,91 сўмгача оширилади.
Электр транспорт воситаларини қувватлантириш шохобчалари, саноат, қишлоқ хўжалиги ва бошқа нотураржой истеъмолчиларига бир кВт/соат учун 2,87 сўмдан (солиқларсиз) тўлаш таклиф этилади.
Расмийлар электр энергияси нархининг ошишини нарх ва амалдаги тариф ўртасидаги фарқни камайтириш зарурати билан изоҳламоқда. Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг сўзларига кўра, ҳозирда 1 кВт/соат электр энергияси нархи 2,38 сўмни ташкил қилмоқда.
Қирғизистон сўнгги 15 йил давомида қиш мавсумида 3 миллиард кВт/соат электр энергиясини 3-5 сўмдан (0,035 – 0,058 доллар) импорт қилмоқда. Энергия ресурси тоғ-кон саноатида 1 кВт/соат учун 5,04 сўмдан, давлат ва ўрта корхоналарда 3,4 сўмдан, аҳолига эса 0,77 сўмдан (кам таъминланган оилалар – 0,5 сўмдан) етказиб берилмоқда.