Остонанинг «Барис» клуби КҲЛ плей-офф босқичига чиқиш имкониятидан маҳрум бўлди

«Барис» хоккейчилари. meta-ratings.kz сайти фотосурати

Остонанинг «Барис» хоккей клуби тарихда учинчи бор КҲЛ плей-оффида ўйнамайди. Бу Қитъа хоккей лигаси навбатдаги чемпионати якунланишига тўрт тур қолганида ойдинлашди.

КҲЛ навбатдаги мавсумининг 64-турида «Барис» ўз майдонида Минскнинг «Динамо» жамоасига 2:5 ҳисобида ютқазди, «Нефтехимик» эса Магнитогорскнинг «Металлург» клубини мағлуб этди ва шу билан «Барис»даги фарқни 8 очкога етказди ва қозоғистонликларни плей-офф босқичига чиқишида ҳатто назарий имкониятлардан ҳам маҳрум қилди.

64 турдан сўнг «Барис» 59 очкога эга ва у Шарқий конференцияда сўнгги, 11-ўринни эгаллаб турибди, «Нефтехимик»да эса 67 очко бор ва у конференцияда саккизинчи ўринни эгаллаб турибди ва бу плей-оффда иштирок этиш ҳуқуқини беради. Тўққизинчи поғонада 67 очко билан Хабаровскнинг «Амур» клуби турибди, аммо унинг захирасида бир ўйин бор.

«Барис» жорий мавсумда КҲЛнинг Шарқий конференциясида плей-оффга чиқиш имкониятини бой берган биринчи жамоа бўлди.

«Барис» охирги марта 2017/2018 йилги мавсумда, аввалроқ эса 2015/2016 йилги мавсумда КҲЛ плей-офф босқичига чиқа олмаганди.

«Барис» — COVID-19 пандемияси ва Россия ҳукумати томонидан Украина ҳудудида МҲО бошланганидан кейин хоккей бўйича Россия чемпионатларида қолган ягона Марказий Осиё клуби эди. ВҲЛда ўйнаган Қарағанданинг «Сариарка», Уст-Каменогорскнинг «Торпедо», ва Тошкентнинг «Ҳумо», шунингдек, аввали МҲЛ вакили бўлган Уст-Каменогорскнинг «Олтой», Остонанинг «Қор қоплонлари» жамоалари COVID-19 пандемияси туфайли киритилган чекловлар туфайли 2020 йилда турнирлардан четлаштирилгач, қайтмасликка қарор қилганди. «Олтой»дан ташқари бу клубларнинг барчаси жорий мавсумда Қозоғистон чемпионатида ўйнайди.