Қозоғистон ҳукумати «Болаларни қўллаб-қувватлаш миллий жамғармаси» дастури доирасида ҳар йили ҳар бир боланинг жамғарма ҳисобини тахминан 150 долларга тўлдириб боришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда республика Сенатида ўтказилган лойиҳа тақдимотида Молия вазири ўринбосари Даурен Темирбеков маълум қилди, деб ёзади Nur.kz.
Молия вазирлиги вакили 2024 йилда «Болалар миллий жамғармаси» дастури ишга туширилишини эслатди. Унга кўра, Миллий жамғарма даромадларининг 50 фоизини 18 ёшгача бўлган барча қозоғистонликлар ўртасида тақсимлаш режалаштирилган.
Вазирлик ҳисоб-китобларига кўра, дастурнинг ҳар бир иштирокчиси ҳисобига ҳар йили 150-160 доллардан тушади. Бундан ташқари, жамғарма хорижий валютада амалга оширилади. Ҳисоб-китобларни солиқдан озод қилиш режалаштирилган.
«Бола туғилганда, Адлия вазирлигининг жисмоний шахсларнинг маълумотлар базаси асосида ҳисобварақлар автоматик тарзда очилади. Ҳар йили 1 январда 18 ёшга тўлгунга қадар ҳисобварақларга пул маблағларини шартли равишда ўтказиш амалга оширилади», — дея тушунтирди вазир ўринбосари.
Темирбековнинг қўшимча қилишича, жамғарма ҳисоб рақамлари лойиҳа бошланганидан кейин туғилганлар учун эмас, балки барча болалар учун очилади.
Расмийнинг таъкидлашича, дастур иштирокчиларига 18 ёшга тўлгандан кейин ҳам тўловлар долларда амалга оширилади. Ўсмирлар бу пулни Қозоғистонда уй сотиб олишга ёки ўқишга, жумладан, хорижий университетда ўқишга сарфлашлари мумкин бўлади.
18 ёшгача бўлган бола фақат мамлакатни тарк этиб, фуқаролигини ўзгартирган ҳолдагина пул маблағларини олиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади. Бундай ҳолда, унинг жамғармалари дастурнинг бошқа иштирокчилари ўртасида тақсимланади.
Темирбеков «Болалар миллий жамғармаси» лойиҳасининг яна бир нечта нюансларини таъкидлаб ўтди:
👉 шахс 18 ёшга тўлганида ҳисобдаги маблағлари 5-10 йил давомида сақланади;
👉 агар иштирокчи 5-10 йил ичида пул маблағларини ечиб олмаса, уларни пенсия жамғармасига ўтказиш таклиф этилади;
👉 фуқаролик қонунчилигига мувофиқ жамғармани мерос бўйича ўтказиш имкониятини назарда тутилади;
👉 Бола муомалага лаёқатсиз бўлган тақдирда, ҳисобдаги маблағдан фойдаланиш ҳуқуқи унинг ота-онаси ёки васийларига берилади.
Сенат мажлисида Темирбеков ҳукумат ота-оналарга жамғарилиб бориладиган Ягона пенсия жамғармаси (Болалар учун миллий жамғарма дастури оператори) веб-сайтида ўз фарзандларининг ҳисоблари кўриб бориш имкониятини тақдим этишни режалаштираётганини айтди. Шунингдек, уни eGov mobile иловаси орқали кузатиш мумкин.
Қозоғистон ҳукумати ўтган йил сентябрида болалар учун омонат ҳисобрақамлари очилганини маълум қилганди. Президент матбуот котиби Руслан Желдибай лойиҳанинг асосий тамойиллари ҳақида гапириб, давлат уларни инфляциядан ҳимоялаш мақсадида жамғармани фоизлар билан ўтказиб туриш ниятида эканини қўшимча қилди. Шу билан бирга, ҳар бир Қозоғистон фуқароси туғилган кунидан бошлаб 18 ёшга тўлгунга қадар ҳисоб рақамида камида 3 минг долларга эга бўлиши маълум қилинди.