Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Тидек Мамадалиев республикада спортчиларни реабилитация қилиш марказлари ва умуман «спорт шифокори» тушунчаси йўқлигини маълум қилди, деб хабар беради АКИpress.
Мамадалиев Қирғизистон Жогорку Кенеши ижтимоий сиёсат бўйича қўмитаси йиғилишида «Ийман Нуру» партиясидан депутат Винера Раимбачаеванинг спорт шифокорлари фаолияти ҳақидаги саволига жавоб берар экан, спорт тиббиёти муаммолари ҳақида гапирди.
«Спорт тиббиёти шу пайтгача ривожланмаган. Бу борадаги ишлар эндигина бошланган. Илгари спорт тадбирларига хусусий клиникаларнинг тез тиббий ёрдам бригадалари хизмат кўрсатарди. Спорт тиббиёти уйғониш даврида. Спортчиларни реабилитация қилиш жуда мураккаб жараён. Улар мамлакатимиздан ташқарида малакали даволандилар», — деди Мамадалиев.
Вазир ўринбосари Қирғизистонда «спорт шифокори» тушунчасини 2023 йили жорий этиш режалаштирилганини таъкидлади.
Мамадалиев, шунингдек, мамлакатда спортчилар учун махсус реабилитация марказлари мавжуд эмаслигини айтиб ўтди.
«Бишкекда қурувчилар поликлиникаси ва спорт тиббиёти бор, лекин у ерда кўрсатилаётган хизматлар замон талабларига жавоб бермайди, зарур жиҳозлар йўқ, шунинг учун спортчилар хусусий клиникаларга боришади», — дея шикоят қилди вазир ўринбосари.
Ўз навбатида, Раимбачаева давлат даражасида спортчиларни реабилитация қилиш маркази очиш бўйича қарор қабул қилиш зарурлигини таъкидлади.
Таҳлилчиларнинг фикрича, ўтган асрнинг 90 йилларида Қирғизистонда спортчиларнинг тиббий таъминтотида кескин пасайиш кузатилган бўлса, 2000-йиллар бошида спорт тиббиётига қизиқиш қайта бошланган. Мамлакат ҳукумати жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш бўйича қатор ҳужжатлар тайёрлаб, уларда спорт тиббиёти савиясини оширишга ўрин берган. Кўриниб турибдики, Қирғизистон ҳукумати ҳалигача барча режаларни амалга оширишга муваффақ бўлолмаган.