Қозоғистонлик сакровчи Ольга Рипакова профессионал спорт фаолиятини якунлаганини маълум қилди.
Остона шаҳрида енгил атлетика бўйича ёпиқ иншоотлардаги Х Осиё чемпионатининг ёпилиш маросимида сўзга чиққан 38 ёшли Рипакова қўллаб-қувватлагани учун оиласи, мухлислари ва Қозоғистон расмийларига миннатдорчилик билдирди.
«Ватанимдан миннатдорман. Президент ва спорт раҳбарларидан тортиб менинг энг ёш мухлисимгача жуда муҳим нарса – менга билдирган ишончи учун миннатдорман. Ўзимни шахс сифатида, профессионал спортчи сифатида англаш имкониятини бергани учун тақдирдан, Яратгандан миннатдорман», — деди чемпион.
Ўз навбатида Қозоғистон Бош вазири Алихан Смаилов Рипаковага «миллий спорт турларини ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси» учун ташаккурнома йўллади.
«Сизнинг ёрқин ғалабаларингиз қозоғистонлик мухлислар қалбида абадий қолади. Биз сизнинг спортга бўлган фидойилигингизни қадрлаймиз. Мамлакатимиз бўйлаб минглаб йигитлар сиздан ўрнак олиб, миллий енгил атлетика анъаналарини давом эттиради», — дейилади мактубда.
Олга Рипакова 2012 йилги Олимпия чемпиони, 2008 йилги Олимпия ўйинларининг кумуш медали ва 2016 йилги Олимпия ўйинларининг бронза медали совриндори. Тўрт карра Осиё ўйинлари ғолиби, жаҳон ва Осиё чемпионатларининг чемпиони ва кўп карра медал совриндори ҳисобланади.