Россиянинг Тожикистондаги элчиси Семён Григорьев РИА Новости агентлигига берган интервьюсида 2021 йил августида Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритган «Толибон»* ҳаракати ўз ваъдаларини бажармаётганини айтди.
Григорьев Афғонистонда ҳамма нарса салбий сценарий йўналишида ривожланаётганини таъкидлади.
«Толибон ҳокимиятга келганидан кейин берган ваъдаларининг деярли барчасини (халқаро террорчилик ташкилотларига қарши кураш, инклюзив ҳукумат яратиш, наркотик моддалар ишлаб чиқариш ва контрабандасига қарши кураш) бажармади», — деди дипломат.
Унинг эслатишича, ҳокимият тепасига келган толиблар Афғонистонда террорчилик таҳдиди эҳтимоли бўлмаслигини кафолатлаган эдилар.
«Шунга қарамай, сўнгги ойларда биз йирик террорчилик ҳужумларига гувоҳ бўлдик, жумладан Кобулдаги дипломатик ваколатхоналарга ва шимолий қўшниларимиз билан чегарада. Биз террорчилик ташкилотларининг эркин фаолият юритаётганини кўряпмиз, инклюзив ҳукумат ҳақида ҳеч қанақа гап йўқ», — деди Григорев.
Элчи БМТ маълумотларига таяниб, Афғонистонда опиат экинлари майдонлари кўпайгани ва синтетик гиёҳванд моддалар ишлаб чиқариш бир неча бор кўпайганини қўшимча қилди. «Афғон халқининг оғир аҳволи ушбу қайғули манзарани тўлдиради», — деди дипломат.
Афғонистон ҳудудидан террорчилар ва экстремистларнинг кириб келиши эҳтимоли ҳақида гапирар экан, Григорьев Тожикистон-Афғонистон чегарасининг мустаҳкамлигини очиқ синовдан ўтказишга ҳеч ким таваккал қилмаслигини айтди, бу ҳам МДҲ ва КХШТнинг жанубий чегараси ҳисобланади.
«Шунга қарамай, воқеаларнинг ноқулай ривожланишини ҳисобга олган ҳолда вазият мураккаблашишининг барча мумкин бўлган сценарийлари ҳисоблаб чиқилмоқда. Тожикистон томони билан мудофаа, махсус бўлимлар ва чегара хизматлари орқали яқин амалий алоқалар ўрнатилган. Тегишли жавоб чоралари мунтазам ишлаб чиқилади, жумладан, жамоавий шаклда», — деди Григорьев.
Афғонистонда «Толибон» ҳокимияти ўрнатилгач, бир неча марта терактлар содир этилди. Одатда, ҳужумлар учун жавобгарликни «Ироқ ва Шом ислом давлати»* (ИШИД) террорчилик гуруҳи ўз зиммасига олади. Хусусан, 2022 йил 5 сентябрь куни Россия элчихонасига ҳужум уюштирилди – худкуш-террорчи Россия дипломатик ваколатхонасининг консуллик бўлимига кириш жойида ўзини портлатиб юборди. Консуллик ходими визага номзодларни эълон қилиш учун навбатда турган одамлар олдига чиққан пайтда у портловчи мосламани ишга туширган. Натижада Россия элчихонасининг икки ходими, элчихонанинг атрофини қўриқлаётган икки толиблар жангариси ва навбатда турган олти нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган.
ℹ️ Айтганча, 2021 йил октябрь ойида, Афғонистон толиблар томонидан босиб олинганидан икки ой ўтиб, Россия президенти Владимир Путин радикал ҳаракатни террорчилик ташкилотлари рўйхатидан чиқаришга чақирган эди. Ўша йил ноябрь ойидан бошлаб «Россия Сегодня» (РИА Новости, Sputnik) давлат ахборот агентлиги Роскомнадзор талабларига қарамай, «Толибон»ни Россия Федерациясида тақиқланган ташкилот дея аташни тўхтатди.
*Юлдузча билан белгиланган ташкилотлар Россия ва кўпгина давлатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).