9 феврал куни Санкт-Петербургда «Газпром» бошқаруви раиси Ўзбекистон ва Қозоғистон Энергетика вазирлари билан уч томонлама учрашув ўтказди. Бу ҳақда Россия компанияси матбуот хизмати хабар берди.
«Бугун «Газпром» компанияси бошқаруви раиси Алексей Миллер ва Қозоғистон Республикаси Энергетика вазири Болат Акчулаков ҳамда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ўртасида уч томонлама ишчи учрашув бўлиб ўтди. Учрашув иштирокчилари газ соҳасида уч томонлама ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилдилар», — дейилади хабарда.
Ўзбекистон Энергетика вазирлигининг аниқлик киритишича, Учрашувда Ўзбекистонга Россия табиий газини Қозоғистон Республикаси ҳудуди орқали етказиб бериш масаласи, хусусан, уч томонлама ишчи гуруҳ томонидан ўтказилган дастлабки техник кўрик натижалари, етказиб беришнинг мавжуд имкониятлари ҳамда жорий йил январь ойида имзоланган «йўл харитаси»нинг ижроси юзасидан муҳокамалар ўтказилган.
«Мазкур учрашув якуни билан уч томонлама ўрганишларнинг кейинги босқичини жадаллаштириш ҳамда натижаси бўйича қисқа муддатларда уч томонлама учрашувни қайта ташкил этишга келишиб олинди», — дея қўшимча қилади Энергетика вазирлиги.
ℹ️ 2022 йил ноябрь ойи охирида Россия раҳбариятининг Ўзбекистон ва Қозоғистон билан «уч томонлама газ иттифоқи» тузиш режалари ҳақида маълум бўлганди. Кейинроқ Россия расмийлари Тошкентга Ўзбекистоннинг газ узатиш тизимини «Газпром»га сотишни ва унга Хитойга газ экспорт қилиш ҳуқуқини беришни таклиф қилгани ҳақида миш-мишлар тарқалди.
«Йўл харитаси»нинг имзоланиши ўзбек жамоатчилигининг хавотирини оширди. Аммо Ўзбекистон Энергетика вазирлигининг ишонтиришича, ҳужжат фақат ички бозорга табиий газни зарур ҳажмларда етказиб беришни кўзда тутади – мамлакат газ транспорт тизимига эгалик ҳуқуқини тўлиқ сақлаб қолган. Москванинг газ иттифоқи ғояси ҳеч қандай сиёсий шартларни назарда тутмаслигини таъкидлади.
Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, Россиядан Ўзбекистонга табиий газ импорти 2023 йил 1 мартдан бошланиши режалаштирилган.