Ўзбекистонда энергетика назорати тизими фавқулодда ҳолат режимига ўтди

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистоннинг энергия таъминоти соҳасидаги бошқарув тизими икки йил муддатга фавқулодда иш режимига ўтказилди. Бу ҳақда мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев 6 февраль куни бўлиб ўтган йиғилишда айтиб ўтди, деб хабар беради унинг матбуот хизмати.

Йиғилишда энергия ресурсларини етказиб бериш ва тўлаш тизимидаги муаммолар муҳокама қилинди: январ ойининг совуқлари бу борадаги бошқарув ва назорат сезиларли даражада заифлашганини яққол кўрсатди.

«Мутасадди ташкилотлар автоматик ҳисоблаш тизими электр энергиясида 92 фоиз, табиий газ бўйича 98 фоиз ўрнатилган, деб ҳисобот берган. Лекин ҳалигача дебитор қарздорлик юқорилигича қолмоқда», — дейилади хабарда.

Йиғилишда туманлардаги тармоқ идоралари электр ва газга уланишга ҳисоб-китоб ва таҳлилларсиз рухсат берилаётгани, биргина Тошкент шаҳрининг 120 та маҳалласида трансформаторлар юкламани кўтармагани учун бир ойнинг ўзида 5-6 марталаб таъмирлангани таъкидланди.

Энергетика соҳасида ўғирлик даражаси юқорилигича қолмоқда.

Биргина ўтган йилнинг декабрь ойида электр энергияси ва газдан ноқонуний фойдаланиш бўйича 12 мингдан ортиқ ҳолатда 600 миллиард сўмлик (53,5 миллион доллар) зарар аниқланган.

Автомобилларга газ қуйиш шохобчалари устидан тизимли назорат йўқ.

Шавкат Мирзиёев энергетика соҳасида назорат ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимини кучайтириш зарурлигини маълум қилди. Энергетика назорати тизими икки йил давомида фавқулодда режимда ишлайди. Президент «Ўзэнергоинспекция» ва Мажбурий ижро бюроси фаолиятини такомиллаштириш, электр ва табиий газ тармоқларига уланишни тартибга солишга янгича ёндашувларни жорий этиш бўйича топшириқлар берди.

Мажлисда энергетика инфратузилмаси муаммолари ҳам муҳокама қилинди. Жумладан, Мирзиёев кимошди савдосига қўйилган ер участкаларининг жойлашуви, энергетика, коммунал ва ижтимоий инфратузилма имкониятларини аниқ кўрсатувчи Тошкент шаҳрининг рақамли харитасини ишга тушириш бўйича топшириқ берди.

Аввалроқ, январь ўрталарида президент аҳолини энергия билан таъминлашда мисли кўрилмаган муаммолар юзага келгани боис Тошкент ҳокимияти фаолиятини танқид қилган эди. Хусусан, давлат раҳбари Ўзбекистон пойтахтининг бош режаси ҳалигача тасдиқланмагани, қурилишга рухсатномалар беришда мавжуд инфратузилмага юкламанинг аниқ ҳисоб-китоби олиб борилмаётгани, рухсат этилмаган объектлар сони кўплигидан норозилигини билдирди. Шу ва бошқа ҳолатлар Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг истеъфога чиқишига сабаб бўлди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ