HRW: Ўзбекистон расмийлари Тажимуратовнинг қийноқлар ҳақидаги даъволарини текшириши керак

Даулетмурат Тажимуратов. "Газета.uz" фотосурати

Ўзбекистон ҳукумати юридик мажбуриятларини бажариши ва суд жараёнида Даулетмурат Тажимуратовнинг ҳибсдаги қийноқлар ҳақидаги даъволарини текшириши керак. Бу ҳақда Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Нукус воқеалари бўйича ҳукм эълон қилинганидан кейин маълум қилди.

Айбланувчиларнинг чиқишларини баён қилган Gazeta.uz нинг 2 декабрь куни бўлиб ўтган суд жараёнида Тажимуратов ўзининг ва бошқа маҳбусларнинг Нукусдаги ИИВ биносида қийноққа солинганини маълум қилган. Уларни қаттиқ калтаклашган, уларга нисбатан электрошокердан фойдаланишган, таналари устида сакрашган, «катта калитни кафтларга қўйишиб, икки бармоғини сиқиб, гўшт майдалагич каби бурашган». Тажимуратовнинг айтишича, милиция ходимлари унинг бошида турган, шундан сўнг у ҳушини йўқотган.

«Ўзбекистон расмийлари суд жараёнида унинг сўзларини инобатга олмаган ва тергов бошлаганини маълум қилмаган. Қийноқлар ёки шафқатсиз муносабатнинг бошқа тақиқланган усуллари орқали олинган далиллар инсон ҳуқуқларининг бузилишига йўл қўйган ҳолда суд томонидан қабул қилиниши жиддий хавотир уйғотади», — дея таъкидлайди HRW.

Судда Тажимуратов барча айбловларни қатъиян рад этган ва ўзининг айбсизлигини таъкидлаган. Шунга қарамай, у Ўзбекистон Жиноят кодексининг беш моддаси бўйича айбдор деб топилиб, 16 йилга озодликдан маҳрум этилди.

«Тажимуратовнинг «конституциявий тузумни ағдаришга уриниш»и бидан айбланиши 2016 йилда вафот этган президент Ислом Каримов даврига бориб тақалади, зеро ўшанда ҳуқуқ фаоллари ва бошқалар сиёсий сабабларга кўра судларда узоқ муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинар эди»,дейди Human Rights Watch.

Ташкилотнинг фикрича, Ўзбекистон ҳамкорлари Қорақалпоғистондаги воқеалар, намойишчиларнинг ўлими ва оғир жароҳатлари, шунингдек, хавфсизлик кучларининг хатти-ҳаракатлари, жумладан қурол ишлатиш ҳолатлари юзасидан мустақил ва холис тергов ўтказиш учун ҳукуматга босим ўтказиши керак. Бу инсон ҳуқуқлари бузилиши учун жавобгарликни таъминлаш учун жуда муҳим маъно касб этади, дея таъкидлайди HRW.

Ҳуқуқ ҳимоячилари, шунингдек, «Ўзбекистон расмийлари июль ойидаги намойишларга жавобан ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўлимга олиб келувчи қуролларни асоссиз қўллагани учун ҳалигача ҳеч кимни жавобгарликка тортмаганини» қайд этишган.

Ноябр ойида HRW Қорақалпоғистондаги тартибсизликлар пайтида олинган ўнлаб видео ва фотосуратларни ўрганиб чиқиб, Ўзбекистон хавфсизлик кучлари намойишчиларни тарқатиш учун ўлим қуроллари ва бошқа жавоб чораларини асоссиз равишда қўллаганини таъкидлаганди.

1-2 июль кунлари Қорақалпоғистонда Ўзбекистон Конституциясига республикани суверенитетдан маҳрум қилишни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилишига қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтганди. Тартибсизликлар пайтида, расмий маълумотларга кўра, 21 киши ҳалок бўлган, 300 га яқин киши, жумладан, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва ҳарбийлар яраланган. Етказилган моддий зарар миқдори 6,6 миллиард сўмдан ортиқ (596 минг доллардан ортиқ) бўлган.

Нукус воқеалари бўйича суд 28 ноябрь куни бошланди. Айбланувчилар курсисида 22 киши бўлган. Уларга Ўзбекистон Жиноят кодексининг жами 11 моддаси бўйича айблов қўйилган. Жумладан, 104 («Қасддан баданга оғир шикаст етказиш»), 159 («Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш»), 164 («Босқинчилик») ва бошқалар. Жами 171 нафар шахс айбланувчи сифатида жалб этилган.

Жиноят ишининг хавфсизлик кучлари томонидан намойишларни бостиришда қурол ва махсус воситалардан фойдаланишига оид қисми алоҳида процессга ажратилган. Ўзбекистон Бош прокуратурасида қайд этилганидек, агар ички ишлар органлари ходимлари ўз ваколатларини ошириб, куч ва махсус воситалардан асоссиз фойдаланганликлари аниқланса, уларнинг ҳаракатлари очиқ суд мажлисида кўриб чиқилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ